Содержимое
🟦🟦🟦🟦 АФВ – ХАЛҚИМИЗГА ХОС ҚАДРИЯТ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент фармони эълон қилинди. Аввало, ушбу фармон мамлакатимизда кечаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, жамиятда инсонпарварлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодасидир. Ушбу ҳужжат нафақат бир гуруҳ фуқароларнинг озодликка чиқишига сабаб бўлмоқда, балки ижтимоий бирдамлик қадриятларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Президентимиз ташаббуси билан юртимизда сўнгги йилларда афв институтининг мазмун-моҳияти тубдан янгиланди. Натижада, муқаддам жиноят содир этган шахсларнинг индивидуал ҳолатидан келиб чиқиб, жамиятга қайтариш учун имкон яратилди. Бу борада қабул қилинган навбатдаги фармонга мувофиқ, жазо муддатини ўтаётган ҳамда ўз қилмиши учун чин дилдан тавба қилиб, жамиятга қайта мослашиш ниятида бўлган 615 нафар шахс афв этилди. Бу рақамлар ортида инсонлар тақдири, оилаларнинг эртанги кунга умиди мужассам. Қайд этилишича, 220 нафар шахслар асосий жазодан тўлиқ, 123 нафари шартли озод этилмоқда. Шунингдек, 97 нафарининг жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади, 175 нафар шахснинг жазо муддатлари қисқартирилади. Бу мамлакатимизда инсонпарвар сиёсатнинг устувор эканини яна бир бор тасдиқлайди. Афв этилаётганлар орасида 29 нафар аёл, 23 нафар 60 ёшдан ошган эркаклар, 264 нафар ёшлар, шунингдек, чет эл фуқаролари ҳам борлиги фармоннинг асосий мақсади хато қилган, аммо тўғри хулоса чиқарганларга иккинчи имконият берилаётганидан даракдир. Афв этиш фақат жазонинг енгиллашуви эмас. Энг аввало, оилалар тикланиши, фарзандларнинг ота-она бағрига қайтишидир. Ёшлар эса ўз хатосидан сабоқ олиб, меҳнатга, таълим олишга киришади. Зеро, фармонда афв этилганларни ҳаётга мослаштириш, уларга психологик ёрдам кўрсатиш, иш билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзига қайтариш, ижтимоий реабилитация қилиш чоралари ҳам белгиланган. 🔴 “Адолат” СДП афв институтини Ўзбекистоннинг ҳуқуқий-демократик давлат сифатидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлайдиган, жамиятда инсон ҳуқуқларига ҳурмат тамойилини қарор топтирадиган муҳим қадам сифатида баҳолайди. Ҳар қандай инсон хато қилиши мумкин. Муҳими, буни англаб, тўғри йўлга қайтишдир. Бундай инсонларга ишонч билдириш, жамиятга қайтиши учун шароит яратиш демократик жамиятнинг юксак фазилати саналади. Шу маънода афв этилган шахслар жамиятга қайтгач, уларни ҳаётга мослаштириш вазифаси фақат масъул идоралар зиммасидагина қолмаслиги керак. Маҳалла, жамоатчилик, хусусан, сиёсий партиялар ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этиши зарур. Уларнинг муаммоларига қулоқ тутиб, ҳал этиш чораларини кўрсак, асосий мақсадимизга эришамиз. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram