TGTGInsightаналитика telegramLIVE / telegram public index
← Robaxon Maxmudova
Robaxon Maxmudova avatar

TGINSIGHT POST

Post #2836

@Maxmudova_Robaxon

Robaxon Maxmudova

Просмотры3,640Количество просмотров
Опубликован9 дек.09.12.2025, 07:06
Содержимое поста

Содержимое

КОРРУПЦИЯ – АДОЛАТСИЗЛИККА ЙЎЛ ОЧАДИГАН ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТ Ҳар йил 9 декабрь бутун дунёда “Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” ўтказилади. БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенцияси” қабул қилиниши муносабати билан белгиланган ушбу сана 22 йилдан буён инсониятнинг коррупция мисолидаги ижтимоий адолатсизликка қарши бирдамлиги рамзи бўлиб келмоқда. Коррупция иллати нафақат иқтисодий барқарорликка, балки жамиятимизнинг маънавий-ахлоқий асосларига ҳам жиддий хавф солади. У биринчи навбатда, қонун устуворлигини заифлаштиради, одамларда адолатга бўлган ишончни сўндириб, ислоҳотлар суръатига тўсиқ бўлади. Шу боис, тараққиётни мақсад қилган ҳар қандай давлат бу иллатга қарши курашишни миллий сиёсат даражасига кўтарган. Мамлакатимизда ҳам бу борада қатъий сиёсий ирода орқали аниқ амалий ҳаракатлар олиб борилаётганини қайд этиш жоиз. Жорий йил 5 март куни Президентимиз раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгаш йиғилишида белгиланган навбатдаги устувор вазифалар мамлакатимизнинг коррупциявий жиноятларга қарши аниқ мақсадлари борлигини кўрсатди. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан барча даражадаги масъулларга 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган топшириқлар берилди. Ушбу доирада 5 та қонун ҳамда Президентнинг 12 та фармон ва қарорлари ишлаб чиқилиши белгилангани ҳам масаланинг нақадар кўламдор эканидан далолат беради. Шундан келиб чиқиб, “Адолат” СДП ўз Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар билан уйғун бўлган чора-тадбирлар ишлаб чиқди. Апрель ойи “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан имзоланган меморандум асосида республикамиз бўйлаб, “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг фаоллигини ошириш – қонун устуворлигининг гарови”, “Таълим соҳасида коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш – ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришдир”, “Бўлажак кадрларни ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш – давр талаби”, “Соғлиқни сақлаш тизимини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш – устувор вазифамиз!” каби долзарб мавзуларда 9262 марта кенг қамровли тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда 740 960 нафар аҳоли қамраб олинди. Энг муҳими, жамоатчилик жараёнда фаол иштирок этмоқда. Демак, жамиятда коррупция ҳақида очиқ гапириш, уни фош қилиш, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш маданияти шаклланмоқда. Одамлар ушбу иллатга қарши тоқатсиз муносабатда бўлаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Коррупцияга қарши курашда, аввало, ёш авлод вакилларининг ҳалоллик руҳида тарбия қилиниши муҳим аҳамият касб этади. Бунда катта ҳаётий тажрибага эга бўлган устозлар, ота-оналар, бобо-бувиларнинг зиммасида ҳам ғоят улкан масъулият бор. Ушбу миллий мақсадга йўналтирилган вазифалар партиямизнинг дастурий мақсадлари билан тўла уйғун. Биз ҳар доим коррупцияни жамиятимиз тараққиётига салбий таъсир этувчи энг хавфли омиллардан бири сифатида баҳолаб келамиз. Зеро, коррупцияга қарши курашиш бир муддат эмас, узлуксиз, қатъий ва изчил интилиш, кенг жамоатчилик иштирокидаги миллий ҳаракат орқали амалга ошади. 🔴 “Адолат” социал-демократик партияси адолатни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, жамиятда шаффофлик ва ҳалолликни ҳаётий қоидага айлантириш йўлида ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Чунки, коррупция энг улкан адолатсизлик саналади. Унутмайлик, адолат устувор бўлган жамиятдагина тараққиёт бўлади! Халқимизнинг фаровонлиги ва мамлакатимиз равнақи учун ҳам коррупцияга қарши кескин курашишимиз зарур. Коррупцияни таг-томири билан қуритиш йўлида барчани бирдам бўлишга чақирамиз! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram