Содержимое
ҚУЙИ ЧИРЧИҚДА ЯПОНИЯ ТАЪЛИМ ТАЖРИБАСИ ҚЎЛЛАНМОҚДА Фарзандларимизда истеъдод ва салоҳият мактабгача ёшдан шаклланиши сир эмас. Сўнгги йилларда мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилаётгани, янги, замонавий муассасалар ташкил қилинаётгани қамровнинг кескин ошишига замин яратди. Қуйи Чирчиқ туманида бўлганимизда шундай тарбия масканларидан бири – 22-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишдик Муассаса 2019 йилда тўлиқ қайта реконструкция қилинган ва замонавий талаблар асосида жиҳозланган, 180 нафар болажонлар бу ерда таълим-тарбия олишмоқда. Ташкилот директори Дилором Аманованинг айтишича, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, инклюзив таълим доирасида қабул қилинган алоҳида ёрдамга муҳтож болалар 12 нафар, улар тўловдан озод этилган. Бундан ташқари, 18 нафар кам таъминланган оила фарзандларига ҳам шундай имтиёз тақдим этилмоқда. Жорий йилдан ушбу муассаса таянч мактабгача таълим ташкилоти сифатида белгиланган. Шу асосда ҳар ойнинг биринчи ва учинчи ҳафтасида “Методик маҳорат куни” ташкил этилиб келинмоқда. Шунингдек, ташкилотда Япония педагогик тажрибаси асосида ишлаб чиқилган “Мустақиллик, ғамхўрлик ва каизен” дастури муваффақиятли жорий этилган. Ушбу дастур орқали болаларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш кўникмалари, меҳнатсеварлик ва тартиб-интизом, атрофдагиларга ғамхўрлик, доимий такомиллашув (каизен) тамойиллари босқичма-босқич шакллантирилмоқда. Ушбу ўзига хос методика бизга айниқса, маъқул келди. Зеро, билимли инсон, аввало, ички маданиятга, юксак ахлоқий фазилатларга ҳам эга бўлиши керак. ⚖️Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram