Содержимое
🟦🟦🟦 ЯНГИ ЙИЛ ЮРТИМИЗ УЧУН ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР ДАВРИ БЎЛАДИ! Азиз юртдошлар! Халқимиз учун қувончли воқеалар, янги ютуқ ва улкан натижалар билан тарихга муҳрланган 2025 йил ҳам ортда қолмоқда. Ўтиб бораётган йил шиддати, самараси, хайрли воқеалари билан ёдимизда қолди. Аввало, тинчлик-осойишталик, фаровонлик таъминланди. Ислоҳотларимиз барча соҳаларда давом этди. Энг муҳими, йил аввалида олдимизга қўйган эзгу мақсадларимизнинг асосий қисмига эришдик. Ҳар бир йил тажриба, хулоса ва янги марралар сари қадамдир. 2025 йилда мамлакатимизда ижтимоий адолат, инсон қадри ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этганини алоҳида қайд этиш жоиз. Айниқса, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги янгиланишлар жамият тараққиётининг муҳим пойдеворига айланди. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганларидек, “Қанчалик оғир бўлмасин, бошлаган демократик ислоҳотларимизни қатъий давом эттирганимиз, одамларимизнинг онги ва дунёқарашини ўзгартириб, эл-юртимизни янада жипслаштирганимиз, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсатимиз ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришдик”. Албатта, олдимизда турган вазифалар ҳам оз эмас. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинган янги – 2026 йилда миллий тараққиётимизни янада янги босқичга кўтариш учун бугундан мақсадларимизни аниқ белгилаб олишимиз лозим. Бунда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандликни таъминлаш, иқтидорли ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш йўлида маҳалла тизими билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш асосий вазифаларимиз бўлиб қолади. Биз фақат ҳамжиҳатликда, умумий мақсадлар атрофида жипслашган ҳолда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўша оламиз. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши ҳамда бир миллиондан ортиқ партия аъзолари номидан самимий табриклайман. Янги йил ҳар бир хонадонга тинчлик-осойишталик, фаровонлик олиб келсин. Юртимиз тараққиёти йўлида бошлаган ишларингизга куч-ғайрат ва муваффақият тилайман. Янги йилингиз муборак бўлсин! ⚖️Расмий саҳифаларимиз