Содержимое
🟦🟦🟦🟦 ЎЗБЕКИСТОН-ТУРКИЯ: АСРЛАРГА БЎЙЛАШГАН ДЎСТЛИК Президентимизнинг Туркия Республикасига навбатдаги расмий ташрифи икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муносабатларини янги, янада мазмунли босқичга кўтарган муҳим сиёсий воқелик бўлди. Бу ташриф нафақат стратегик шерикликни мустаҳкамлашга, балки минтақавий барқарорлик, ижтимоий адолат, инсонпарварлик ва тараққиёт ғояларини бирдамликда илгари суришга ҳам хизмат қилади. Ўзбекистон-Туркия муносабатлари фақат иқтисодий ёки сиёсий манфаатлар билангина чекланиб қолмайди. Чуқур илдизларга эга умумий тарих, маънавий қадриятлар ва қардошлик руҳи билан уйғунлашган дўстлигимиз сўнгги йилларда кенг кўламли тус олмоқда. Айниқса, Анқара шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралар, Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши якунлари бўйича имзоланган қўшма баёнот ва кўп қиррали битимлар тўплами ушбу ҳамкорлик алоқаларимизнинг институционал асосларини янада мустаҳкамлади. Сиёсий мулоқотнинг жадал ривожланаётгани, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан позицияларнинг ўхшаш экани билан ҳам боғлиқ. Зеро, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Туркий Давлатлар Ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётининг давом эттирилаётгани тинчлик, адолат ва барқарор тараққиётга қаратилган умумий мақсадлар уйғунлигидан далолат беради. Музокаралар жараёнида ижтимоий йўналтирилган иқтисодиёт, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани эътиборга молик. Зотан, ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсади, саноат кооперацияси, қўшма корхоналарни кўпайтириш, транспорт ва логистика йўлакларини ривожлантириш бўйича келишувлар бевосита аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, соғлиқни сақлаш, таълим, ҳарбий тиббиёт, миграция, маданият, ядро хавфсизлиги ва радиацион ҳимоя соҳаларида имзоланган битимлар ҳам ҳамкорлик моҳиятида инсон ҳаёти ва хавфсизлиги устувор эканини кўрсатмоқда. Бу ҳужжатлар фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсиз меҳнат ва яшаш муҳитини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлардир. Ташриф доирасида “Ўзбекистон” турар жой мажмуаси фойдаланишга топширилди. Хатай вилоятида уч йил аввал юз берган вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлгани ҳамон ёдимизда. Ўша изтиробли кунларда мамлакатимиз биринчилардан бўлиб ёрдамга шошилди. Халқимизга хос инсонпарварлик, ҳамдардлик тамойилларининг ёрқин ифодаси сифатида ўзбекистонлик қутқарувчилар ва тиббиёт ходимлари жасорат кўрсатишди. Арсуз туманида барпо этилган замонавий турар жой мажмуаси эса ўша фожиада бошпанасиз қолган қардошларимизга кўрсатилган амалий ёрдамнинг мантиқий давоми бўлди. “Адолат” социал-демократик партияси ушбу ташриф натижаларини мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий давлат барпо этиш миллий мақсадининг ташқи таянчи, деб ҳисоблайди. Ишонамизки, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик келгусида ҳам тинчлик, ижтимоий адолат ва умумий тараққиётга хизмат қиладиган намунавий ҳамкорлик модели сифатида ривожланиб бораверади. ⚖️Расмий саҳифаларимиз