Содержимое
АДОЛАТ ҒОЯЛАРИ НАВОИЙ БОБОМИЗДАН МЕРОС Бугун инсоният тарихидаги барча даврларнинг энг буюк шоири, мутафаккир ва давлат арбоби ҳазрат Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун. Ўтмишимизнинг ҳар бир саҳифаси у кишининг ибратли ҳаёти, улуғвор асарлари ва эзгу ғоялари билан боғлиқ. Алишер Навоий нафақат шоир, балки давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам тарихимизда муҳим аҳамият касб этади. Унинг ижоди юксак маънавият, адолат ва инсонпарварлик ғоялари билан уйғунлашган. Улуғ алломанинг ижодий мероси инсониятни асрлар давомида маърифатга чорлаб келгани бежиз эмас. Бобомиз бутун умри давомида инсон ахлоқини юксалтириш ва халққа зиё улашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Унинг асарларида инсон қадри, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, жамиятни ижтимоий адолат асосида бошқариш ғоялари устуворлик қилади. Айниқса, адолат ғояси Навоий ижодининг марказини ташил қилиши эътиборга молик. Ўзи ҳам давлат арбоби сифатида ана шу ғояга қатъий амал қилган. Зеро, “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” каби асарларида ёритилган адолатли бошқарувга оид фикрлари бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Улуғ бобокалонимизнинг давлатчилик ва жамоатчилик фаолияти ҳам унинг юксак инсоний фазилатини намоён қилади. У киши ўз даромади ҳисобидан Ҳиротда “Ихлосия”, “Шифоия”, “Низомия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳини ва яна бир қанча масжидларни, Марвда “Хисравия” мадрасасини, бундан ташқари 9 та ҳаммом, 20 та ҳовуз, 90 та работ барпо қилганлари бугунги кунимиз учун ҳам ибратдир. Бир сўз билан айтганда, ғазал мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий бобомизнинг «Адолат — мамлакатнинг ободлиги ва халқнинг шодлигидир», деган пурмаъно фикрлари бугун ҳам Янги Ўзбекистон бунёдкорларининг бош ғоясидир. ⚖️Расмий саҳифаларимиз