Содержимое
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори, сенатор Мир-Акбар Ҳожи-Акбарович Раҳмонқулов 74 ёшида вафот этди. Мир-Акбар Ҳожи-Акбарович умрини мамлакатимиз ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, давлат бошқаруви ва қонунчилик соҳасини ривожлантиришга бағишлаган инсон эди. Айниқса, мустақиллик йилларида давлатчилигимизнинг юридик асосларини ривожлантириш борасида самарали фаолият юритди. Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари, давлат хизмати ва ҳокимият органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчи, Хавфсизлик кенгаши котиби ҳамда давлат маслаҳатчиси лавозимларида меҳнат қилди. Юридик фанлари доктори, профессор Мир-Акбар Ҳожи-Акбарович, аввало, талабчан ва меҳрибон устоз эди. Ўз билим-тажрибасини ёш ҳуқуқшуносларни тарбиялашдай машаққатли ва шарафли ишга сафарбар этиб, ҳуқуқшунослик соҳасида ўз мактабини яратди. Устоз ўзбек юриспруденсиясини такомиллаштиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун давлатимиз томонидан II даражали “Шон-шараф” ордени ҳамда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони билан мукофотланган. Кўп қиррали фаолияти билан халқимиз орасида катта обрў-эътибор қозонган устоз Мир-Акбар Ҳожи-Акбаровичнинг вафоти муносабати билан оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.