TGTGInsightаналитика telegramLIVE / telegram public index
← Robaxon Maxmudova
Robaxon Maxmudova avatar

TGINSIGHT POST

Post #3055

@Maxmudova_Robaxon

Robaxon Maxmudova

Просмотры1,480Количество просмотров
Опубликован12 февр.12.02.2026, 12:42
Содержимое поста

Содержимое

🟦🟦🟦🟦 АДОЛАТ УСТУВОР БЎЛСА, ТАРАҚҚИЁТ БАРҚАРОР БЎЛАДИ Давлатимиз раҳбари бугун Судьялар олий кенгаши раисининг ахбороти билан танишди. Бунда, аввало, суд тизимини коррупциядан холи соҳага айлантириш, суд мустақиллигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани мамлакатимиз ҳуқуқий тараққиётида муҳим босқич бошланаётганидан дарак беради. Мамлакатимизда жорий йил коррупцияга қарши курашиш бўйича “фавқулодда ҳолат” эълон қилинганидан барчамиз хабардормиз. Судлар давлат ҳокимиятининг алоҳида бўғини сифатида ушбу жараёнда намуна бўлиши керак. Агар суд тизими шаффоф ва холис бўлса, жамиятда адолатга ишонч мустаҳкамланади, қонун устуворлиги таъминланади. Ҳисоботда қайд этилганидек, соҳада кадрлар сифатини ошириш ва масъулиятни кучайтириш бўйича амалий ишлар тизимли олиб борилмоқда. Ўтган бир йил ичида 135 нафар номзоднинг илк бор судьялик лавозимига тайинлангани, 286 нафар судьянинг қайта тайинлангани ва 241 нафар тергов судьяларидан иборат корпуснинг шакллантирилгани профессионализмни оширишга қаратилган муҳим қадамлардир. Бироқ, энг муҳим жиҳат масъулият ва жавобгарлик масаласига принципиал ёндашув намоён бўлаётганидадир. Судьялик қасамёдини бузган ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаган судьяларнинг лавозимидан озод қилиниши, айрим ҳолатларда жиноий жавобгарликка тортилаётгани суд тизимини ҳалол соҳага айлантиришда алоҳида қатъият мавжудлигини кўрсатади. Суд мустақиллигини таъминлаш судьяни ташқи босимлардан ҳимоя қилишгина эмас, балки унинг фаолиятини ортиқча маъмурий юкламалардан ҳам халос этишдир. Шу жиҳатдан “Суд маъмурчилиги” институтини жорий этиш ташаббуси эътиборга молик. Чунки судья фақат одил судлов билан шуғулланиши керак. Ташкилий, хўжалик ва маъмурий вазифалар алоҳида профессионал структура зиммасига юклатилса, адолатли қарор қабул қилиш жараёни янада самарали бўлади. Судьялар интизомий ҳайъатини ташкил этиш таклифи ҳам тизимда холис ва шаффоф жараённи таъминлашга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Бу орқали судьяларга нисбатан жазо чоралари қўллашда субъективлик ва турли таъсирларнинг олди олинади. Бундай механизмлар суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш билан бирга, унинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ҳам кучайтиради. Бундан ташқари, судьялар ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш ташаббуси илгари сурилмоқда. Бу, ўз навбатида, коррупцияга қарши курашда янги босқични бошлаб беради. Зеро, бу амалиёт кўплаб ривожланган давлатларда самарали восита сифатида қўлланиб келмоқда. Молиявий шаффофлик судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган омилларни камайтиради. Шу билан бирга, суд аппарати ходимлари учун комплаенс-назорат тизимини жорий этиш орқали фақат судьялар эмас, балки бутун тизимда ҳалоллик стандартлари мустаҳкамланади. Биз, “Адолат” СДП фаоллари суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Қувонарлиси, 10 март – Халқаро аёл судьялар кунини нишонлаш бўйича режалар белгилангани хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бугун жамиятимизда адолатга бўлган талаб ҳар қачонгидан ҳам юқори. Фуқаролар судга мурожаат қилар экан, адолатли қарорни кутади. Шу нуқтаи назардан, суд тизимини шаффоф ва мустақил институтга айлантириш мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи омилидир. Зеро, кучли суд – кучли давлат демакдир. Адолат устувор бўлган жамиятдагина барқарор тараққиёт, иқтисодий ўсиш ва фуқаролар фаровонлиги таъминланади. Суд тизимидаги бугунги ислоҳотлар айнан шундай юксак мақсадларга хизмат қилишига ишонамиз. ⚖️Расмий саҳифаларимиз