TGTGInsightаналитика telegramLIVE / telegram public index
← Robaxon Maxmudova
Robaxon Maxmudova avatar

TGINSIGHT POST

Post #3056

@Maxmudova_Robaxon

Robaxon Maxmudova

Просмотры1,080Количество просмотров
Опубликован14 февр.14.02.2026, 04:00
Содержимое поста

Содержимое

БОБУР ВА АДОЛАТ ҒОЯЛАРИ МУШТАРАК Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат буюк давлат арбоби ва нодир истеъдод соҳиби, балки адолатни давлат бошқарувининг устувор тамойили сифатида қадрлаган ҳукмдор сифатида ҳам тарихимизда ўчмас из қолдирган. Зеро, Бобур ва адолат ғоялари ўзаро муштарак тушунчалардир. Бобокалонимиз ёшлик чоғиданоқ сиёсий курашлар ичида оғир синовларни бошидан кечирди. Ана шу мураккаб давр унинг шахсиятини шакллантирди, адолат ва инсофни ҳаёт мезонига айлантирди. “Бобурнома” асарида у воқеаларни қандай бўлса, шундайлигича, беғараз ва холис баён қилади. Ўз камчиликларини ҳам яширмайди. Бу бобомизнинг ички адолат ҳисси, ҳақиқатга содиқлигидан далолатдир. Давлат бошқарувида адолат тамойили Бобур учун шиор эмас, амалий дастур бўлган. У қайси юртда ҳукмронлик қилмасин, аҳолининг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашни ўзининг асосий вазифаси деб билган. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Бобур солиқ тизимида тартиб ўрнатишга, ортиқча зўравонлик ва талон-тарожнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратган. Қўшин интизомини кучайтириб, амалдорлардан аҳолига нисбатан зулм ва ноҳақликка йўл қўймасликни талаб қилган. Бобурнинг адолат ҳақидаги қарашлари унинг шеъриятида ҳам яққол кўринади. У инсон қадрини улуғлайди, инсоф, виждон ва покликни тарғиб қилади. Шоир сифатида у қалб эҳтиёжини сўзга айлантирган бўлса, ҳукмдор сифатида ана шу ғояларни давлат сиёсатига татбиқ этган. Бундай уйғунлик тарихда кам учрайди. Аксарият ҳолларда сиёсий манфаатлар инсонпарвар ғояларга соя солиб қўяди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур бошқарувида эса бундай зиддият кўзга ташланмайди. У мағлубиятга учраганида ёки оғир вазиятга тушиб қолганида ҳам одил қарор чиқаришга интилади. Қўл остидаги амирлар ёки саркардаларнинг хатолари учун жазо беришда шахсий адоватга эмас, давлат манфаати ва адолат мезонига таянади. Ушбу қатъияти сабаб турли миллат ва дин вакилларини бир давлат остига бирлаштира олди. Бошқарув услубидаги бағрикенглик ва тенглик тамойили дилбар шахс сифатида Бобур шахсиятини тарихга муҳрлади. Бугун Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан бораётган мамлакатимизда адолат ғояси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, очиқлик ва шаффофликни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Ушбу жараёнда тарихий меросимиз, хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ аждодларимизнинг тажрибаси ва қарашлари биз учун маънавий таянч вазифасини ўтайди. “Адолат” СДП ўз дастурий мақсадларида ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини мустаҳкамлашни асосий вазифалардан бири сифатида белгилаган. Бу борада Бобур мероси биз учун фақат тарихий хотира эмас, балки амалий сабоқдир. Улуғ бобокалонимизнинг 543 йиллиги муносабати билан унинг меросини чуқур ўрганиш, айниқса, адолатга оид қарашларини ёш авлод онгига сингдириш долзарб вазифамиздир. Таълим муассасаларида, илмий анжуманларда, оммавий ахборот воситаларида Бобур меросини кенг тарғиб этиш орқали жамиятимизда адолат ва инсоф қадриятларини мустаҳкамлашга интиламиз. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube