Содержимое
🟦🟦🟦🟦 Халқчил ижтимоий сиёсатнинг мустаҳкам асослари белгиланди Мамлакатимиз ҳаётида тизимли ва чуқур янгиланишлар босқичи кечмоқда. Иқтисодиётдан тортиб энг қуйи бўғин – маҳаллагача бўлган бошқарув тизими халқаро меъёрларга уйғунлашиб, очиқлик, ҳисобдорлик ва натижадорлик тамойиллари асосида тубдан такомиллаштирилди. Энг муҳими, миллий тараққиёт концепцияси амалда ишлаётган, жамият ҳаётида аниқ сезилаётган таъсирчан механизмга айланмоқда. Яқин йилларгача тасаввур қилиш қийин бўлган кўплаб ўзгаришлар бугун реал воқелик сифатида намоён бўлмоқда. Буни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш" йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва "Ўзбекистон-2030" стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида"ги фармони моҳияти, аҳамиятидан ҳам яққол кўриш мумкин. Илғор хорижий тажриба ҳамда мутлақо янги ёндашув асосида ишлаб чиқилган Давлат дастурининг Президент Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар ва 2026 йил учун энг устувор ислоҳотларни қамраб олгани муҳим аҳамият касб этади. Дастурда маҳаллаларга янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, замонавий касблар ва янги меҳнат бозори архитектурасини шакллантириш, экологик мувозанатни таъминлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, давлат бошқаруви ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш каби стратегик йўналишлар устувор этиб белгиланган. Бу вазифалар фақат иқтисодий ўсишни эмас, балки барқарор ва адолатли тараққиётни таъминлашга хизмат қилади. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу дастурни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнида жамоатчилик фикрига кенг йўл очилди. Қисқа муддат ичида миллионлаб фуқаролар лойиҳа билан танишиб, минглаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Олий таълим муассасалари ва давлат идораларида ўтказилган муҳокамалар аҳолининг сиёсий фаоллиги ва масъулияти ортиб бораётганини яққол намоён этди. Таҳлиллар натижасида конструктив деб топилган кўплаб таклифларнинг Давлат дастурига киритилиши халқ билан мулоқотнинг амалий самарасидир. Жумладан, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш, педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий қилиш, ипотека ва электромобиллар учун кредит механизмларини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш, коррупцияга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, жиноят ишлари бўйича судларда халқ вакиллари иштирокини таъминлаш каби ташаббуслар кенг қўллаб-қувватланди. Бу таклифлар ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги қатъий қадамлардир. Партиямиз учун мазкур дастурлар ғоявий ва мазмун жиҳатдан ҳамоҳанг. Дастурий мақсадларимиз марказида ижтимоий адолат, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тамойили туради. Жазо сиёсатини такомиллаштириш ва унинг муқаррарлигини таъминлаш орқали жамиятда адолат ҳиссини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши тизимли ёндашув, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш — партиямиз электорати манфаатларига тўлақонли мос келади. Ислоҳотлар ижросини парламентдаги фракциямиз ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик корпуси орқали изчил назорат қилиб бориш, жамоатчилик фикрини етказиш ва қонунчилик ташаббуслари билан уларни янада такомиллаштиришга эътиборни кучайтирамиз ва чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқамиз. ⚖️Расмий саҳифаларимиз