Содержимое
Мискарликни касб тутган Тўмарислар Партиямиз фаоллари куннинг иккинчи ярмида мис бойитиш фабрикаси ҳамда мис эритиш заводида меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан учрашди. Мулоқотда аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароити яратиш, барқарор иш ўрни ва касбий ўсиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг иқтисодиётни йирик тармоқларидаги иштироки нафақат ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади, балки жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлайди. Қолаверса, партия Сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлар ижросида саноат корхоналари билан ҳамкорликни кучайтириш муҳим омилдир. Мулоқот чоғида ишчи-меҳнаткашларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, ишлаб чиқаришда инновацион ёндашувни рағбатлантириш ва инсон капиталига сармояни кўпайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди. Партия Сиёсий кенгаши раиси Робахон Махмудова сўзга чиқиб, аёлларнинг иқтисодий мустақиллиги, касбий ўсиши давлат ва жамият тараққиётининг асосий шарти эканини таъкидлади. – Аёл меҳнат қилса, жамиятга қўшилса, ўзига ишончи ортади, оиласи барқарор бўлади, – деди партиямиз етакчиси ўз сўзида. – Оила барқарорлиги эса жамият мустаҳкамлиги кафолатидир. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” билан узоқ йиллардан бери яқиндан ҳамкорлик қилишимиз бежиз эмас. Бунинг муҳим сабабларидан бири 35 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилаётган улкан жамоада сизлар каби замонамиз Тўмарислари ҳам кўпчиликни ташкил этишидир. Партиямиз бундай мураккаб ва масъулиятли соҳада меҳнат қилаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашни ўзининг асосий вазифаси, деб билади. Тадбир якунида сафимизга қўшилиш истагини билдирган 50 нафар фаол опа-сингилларимиз партия аъзолигига қабул қилинди ва корхонада бошланғич партия ташкилоти тузилди. ⚖️Расмий саҳифаларимиз