Содержимое
🟦🟦🟦 Ёшларимизнинг шижоати — ислоҳотларимиз муваффақиятининг бош мезонидир Фарғона туманидаги ихтисослаштирилган мактабда иқтидорли ёшларимиз билан учрашувимиз бизда жуда катта таассурот қолдирди. Бу мулоқот шунчаки навбатдаги тадбир эмас, балки мамлакатимизда ёшлар сиёсати чиндан ҳам янги босқичга кўтарилаётганининг амалий ифодаси бўлди, десам муболаға бўлмайди. Мулоқотимиз аввалида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февраль куни ёшлар билан бўлиб ўтган тарихий учрашувдаги ташаббусларини атрофлича муҳокама қилдик. Зотан, Президентимиз айтганларидек, ушбу ёшларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллиги — Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучидир. Учрашув давомида биз учун бир ҳақиқат янада ойдинлашди: бугун ёшлар учун яратилаётган имкониятлар нафақат уларнинг шахсий камолоти, балки жамиятимиз равнақи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Суҳбат асносида бугун стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғояларга кенг йўл очиш ва халқаро майдонда рақобатбардош кадрларни тайёрлаш — буларнинг барчаси ёшларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга қаратилганини алоҳида таъкидладик. Шу билан бирга, уларни сиёсий жараёнларда, қарорлар қабул қилинишида фаол иштирок этишга чақирдик. Чунки мустақил фикрлайдиган ёшлар — демократик жамиятнинг таянчидир. Мактаб ўқувчилари орасида Камолиддин Тоштемиров каби юксак натижаларга эришаётган ёшларни кўриб, очиғи жуда фахрландик. Тасаввур қилинг, 11-синф ўқувчиси бўла туриб, АҚШнинг Wingate University томонидан 114 000 доллар миқдоридаги грантни қўлга киритиш — бу улкан муваффақият! Камолиддин нафақат халқаро университетлар талабаси бўлди, балки «GREEN FOODS CHAYIN» МЧЖни ташкил этиб, тадбиркорликда ҳам илк қадамларини ташлаган. Бундай шижоатли ёшлар нафақат мактабнинг, балки бутун миллатимизнинг фахридир. Мулоқотимиз давомида иқтидорли ўқувчилар томонидан рақамли иқтисодиёт, экологик барқарорлик ва таълимдаги инновациялар бўйича илгари сурилган ғояларни эшитиб, уларнинг юксак интеллектуал салоҳиятига яна бир бор амин бўлдик. Мухтасар айтганда, Президентимиз томонидан белгилаб берилган эзгу ташаббуслар ҳар бир ёшда Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини уйғотмоқда. Бизнинг партиямиз ва давлатимиз учун билимли, фаол ва ватанпарвар ёшлар — Янги Ўзбекистон пойдеворини барпо этувчи асосий куч бўлиб хизмат қилади. ⚖️Расмий саҳифаларимиз