Содержимое
Эътибор ва эъзоз аёл қаддини юксалтиради: Жазо колониясидаги маҳкумалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди Ҳар бир аёл ижтимоий мавқеи ёки ҳаёт йўлидаги синовларидан қатъи назар, меҳр ва ғамхўрликка муносибдир. У хоҳ жамият равнақи йўлида меҳнат қилаётган бўлсин, хоҳ тақдир ҳукми билан тўрт девор орасида жазо муддатини ўтаётган — унинг қадри ва ҳуқуқлари ҳар қандай вазиятда ҳам дахлсиз ҳисобланади. Зеро, она ва болага кўрсатилаётган бундай эътибор халқимизнинг азалий қадриятлари ҳамда давлатимиз юритаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий ифодасидир. Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид Фармон ҳам айнан шундай эзгу мақсадларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Шунингдек, жамиятимизда аёлга фақат ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш лозимлиги, таҳқир ва зўравонликка асло йўл қўйилмаслигини яна бир бор тасдиқлади. Ёдингизда бўлса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятининг ўтган йилги сарҳисоби партия фракцияси йиғилишида кўриб чиқилганда, депутатлар томонидан она ва бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ҳамкорликни кучайтириш белгиланганди. Ушбу келишув ижроси доирасида жорий йилнинг 3-4 март кунлари ИИВ Жазони ижро этиш департаменти, Омбудсман, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Адолат” СДП ҳамкорлигида 21-сонли жазони ижро этиш колониясида кенг қамровли тиббий тадбир ташкиллаштирилди. “Инсон қадри – олий неъмат” ва “Соғлом аёл – соғлом миллат таянчи” тамойиллари асосида ўтган ушбу кўрикка акушер-гинеколог, онкогинеколог, маммолог, кардиолог ва педиатр каби 10 га яқин тор доирадаги мутахассислар жалб этилди. Муассаса ҳудудига маммограф, УЗД ва замонавий лаборатория билан жиҳозланган махсус мобиль автобуслар олиб келингани маҳкума аёллар ва уларнинг уч ёшгача бўлган фарзандларини диагностикадан ўтказиш имконини берди. Бу каби тадбирлар касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш чораларини кўришда муҳим аҳамиятга эга. Тиббий кўрик жараёнлари тизимдаги инсонпарварлик ислоҳотлари билан уйғунликда кечмоқда. Сўнгги йилларда қонунчиликка киритилган ўзгартишлар, жумладан, жазони енгилроғига алмаштириш механизмининг соддалаштирилгани ва маҳкумларнинг шахсий дахлсизлиги кафолатлангани тизимнинг очиқлашаётганидан далолат беради. Айниқса, 2025 йилдан бошлаб китоб ўқиган маҳкумнинг жазо муддатини қисқартириш тартиби жорий этилгани ҳамда масофавий видео-учрашувлар йўлга қўйилгани маҳкумаларнинг ижтимоийлашувига хизмат қилмоқда. Тадбир доирасида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари Робахон Махмудова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова ҳамда депутатлар колониядаги яшаш шароитлари, болалар уйи ва кутубхона фаолияти билан танишишди. Мутасаддилар маҳкумалар билан юзма-юз суҳбатлашиб, уларнинг мурожаатларини алоҳида назоратга олди. Албатта, бу тақдир синовларига дуч келган ҳар бир аёлга “Сиз давлат эътиборидасиз, жамиятга кераксиз” деган ҳаётий даъватдир. Маҳкума аёлларнинг юз-кўзидаги миннатдорлик, эртанги кунга бўлган ишонч шундан далолат берадики, кўрсатилаётган эътибор уларни тузалиш йўлига қатъий ўтишга, хатолардан хулоса чиқариб, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланишга ундайди. Зотан, меҳр ва қадр кўрган қалбда Ватан равнақига ҳисса қўшиш, оиласи ва фарзандлари бағрига ёруғ юз билан қайтиш истаги ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ бўлади. Бу ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам битта: инсон қадрини ҳар нарсадан устун қўйиш ва ҳар бир фуқарога янги ҳаёт бошлаш учун маънавий куч беришдир. ⚖️Расмий саҳифаларимиз