Содержимое
Нафосат ва гўзаллик айёми муборак бўлсин! Муҳтарама онахонлар! Мунис ва қадрли опа-сингиллар! 🔴 Оламга баҳор нафаси кириб келиши билан табиат уйғонгани каби, қалбларимиз ҳам эзгулик ва гўзалликка ошно тутинмоқда. Ушбу онларда барчангизни нафосат айёми — 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан “Адолат” СДП фаоллари номидан қизғин муборакбод этамиз! Куни кеча Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган байрам тадбири, давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларимизга йўлланган самимий табрик ва юксак эътироф ҳар бир юртдошимиз қалбида, айниқса, муҳтарама опа-сингилларимиз юрагида ғурур, ифтихор ва шукроналик туйғуларини янада мустаҳкамлади. Бу эътибор ва эҳтиром, аввало, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аёл шаъни ва бахтини асраш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганининг ёрқин тасдиғидир. Айниқса, хотин-қизлар таълимига қаратилган алоҳида эътибор барчамизни беқиёс қувонтирди. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг катта қисмини қизлар ташкил этаётгани, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грант квоталари кенгайтирилаётгани, магистратура босқичида контракт тўловларининг давлат томонидан қопланиши — буларнинг барчаси илмли, мустақил фикрлайдиган, юрт тақдирига дахлдор аёл-қизлар авлодини вояга етказиш йўлидаги тарихий қадамлардир. Чунки илмли аёл — маърифатли оила, маърифатли оила эса кучли жамият пойдеворидир. Аёл нафақат меҳр ва муҳаббат тимсоли, балки тараққиёт, янгиланиш ва бунёдкорликнинг беқиёс кучидир. У оилага файз, жамиятга тарбия, миллатга маънавият олиб киради. Она алласида халқ руҳи, опа-сингиллар ибратида ҳаё, орият ва нафосат, қизлар орзусида эса эртанги куннинг порлоқ манзараси мужассам. Шу маънода, халқимизнинг шонли тарихида Тўмариснинг жасорати, Бибихонимнинг донишмандлиги, Нодирабегимнинг заковати ва матонати бугунги ўзбек аёли тимсолида давом этаётгани барчамизга чексиз фахр бағишлайди. “Адолат” партияси учун хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг шаъни, қадри ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш — шунчаки сиёсий вазифа эмас, балки адолатли жамият қуришнинг ҳал қилувчи шартидир. Биз аёллар давлат ва жамият бошқарувида, қонун ижодкорлигида, таълим, тиббиёт, илм-фан, тадбиркорлик ва барча соҳаларда фаол ва муносиб иштирок этишини доимо қўллаб-қувватлаймиз. Азиз қизлар! Сиз – юртимизнинг порлоқ эртасисиз. Шундай экан, илм-фан, технология ва санъат чўққиларини забт этишдан асло тўхтаманг. Сизнинг илмингиз – жамиятнинг зиёси, одоб-ахлоқингиз миллатимизнинг юзидир. Коррупция ва адолатсизликка тоқат қилмайдиган, соф қалбли авлодни тарбиялашда айнан сизнинг маънавий кучингизга таянамиз. Хонадонингиздан файзу барака, юзингиздан табассум, қалбингиздан баҳорий кайфият аримасин. Миллионлаб “адолатчилар” сизнинг бахтингиз ва ҳуқуқий ҳимоянгиз учун ҳамиша камарбаста. Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин, мўътабар онахонлар, мунис опа-сингиллар! ⚖️Расмий саҳифаларимиз