Содержимое
🟦🟦🟦 Маҳалла — миллий юксалишнинг самарали модели Азиз маҳалла тизими фидойилари! Аввало, барчангизни Наврўз айёми ҳамда муборак Рамазон шукуҳига уйғун тарзда нишонланаётган 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни билан самимий табриклаймиз. Жорий йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили деб эълон қилингани давлатимиз раҳбарининг соҳага бўлган юксак эътибори ва ишончининг ёрқин ифодаси бўлди. Зеро, маҳалла халқимиз ижтимоий ҳаётининг ажралмас қисми, миллий ўзлигимиз ва маънавий қадриятларимиз рамзи ҳисобланади. Маҳалла институти донишманд халқимиз асрлар давомида шакллантирган ноёб жамоат бошқаруви тизимидир. У маъмурий тузилма эмас, балки инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ёрдамга асосланган ижтимоий мактабдир. Аждодларимиз маҳалла орқали жамиятда адолат, тартиб ва ҳамжиҳатликни таъминлаб келишган. Шу маънода, бу тизим ёшларни инсоний фазилатлар руҳида тарбиялайдиган, уни жамиятга дахлдорлик руҳида камол топтирадиган, маънавий-ахлоқий камолотига хизмат қиладиган муҳим ижтимоий институт сифатида шаклланган. Маҳаллада одамлар бир-бирининг ҳолидан хабар олади, оғир шароитдагиларга ёрдам қўлини чўзади, кексаларга эҳтиром, ёшларга ғамхўрлик кўрсатилади. Сўнгги йилларда маҳалла институтини янада ривожлантириш, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада маҳалла фақат ижтимоий институт сифатида эмас, балки аҳоли муаммоларини ҳал этиш, одамлар турмуш фаровонлигини ошириш ва жамият барқарорлигини таъминлашнинг бирламчи бўғини сифатида шаклланди. Айниқса, “маҳалла еттилиги” тизимининг йўлга қўйилиши мазкур соҳада мутлақо янги бошқарув усулини амалиётга жорий этди. Натижада, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий муҳофазага муҳтож инсонларга ёрдам бериш, ёшлар тарбияси ва оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш каби муҳим вазифалар самарали амалга оширилмоқда. Энг муҳими, барча ислоҳотлар эндиликда қуйи тизимда бошланаётгани халқимиз ҳаётидаги ўзгаришларни янада яққолроқ намоён этмоқда. Чунки маҳалла халқнинг дардини яхши биладиган, унинг муаммоларига бефарқ бўлмайдиган яқин тузилмадир. Ҳурматли маҳалла тизими фаоллари! Зиммангиздаги масъулият ҳамиша юксак бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Аммо ишончимиз комилки, фидокорона меҳнатингиз, халқпарварлигингиз ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан шарафли вазифаларингизни муносиб адо этасиз. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни билан яна бир бор муборакбод этамиз. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилаймиз. Касб байрамингиз муборак бўлсин! ⚖️Расмий саҳифаларимиз