Содержимое
#Фарғона_вилояти #Ўрганиш “Teamdress Fergana”: Фарғона саноати янги қиёфада бўй кўрсатмоқда Ҳудудлар иқтисодиётини драйвер соҳаларга айлантириш, энг аввало, тўғри йўналтирилган инвестиция ва юқори технологик саноат занжирига боғлиқ. Фарғона вилоятида амалга оширилаётган ишлар замирида ҳам айнан бўш ҳудудларни замонавий ишлаб чиқариш майдонларига айлантириш, маҳаллий бюджетга солиқ тушумларини кўпайтириш ва энг муҳими, аҳоли учун муносиб меҳнат шароитига эга доимий иш ўринларини яратиш мақсади ётибди. Германия капитали иштирокида қад ростлаган “Teamdress Fergana” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хусусий корхонаси бу борадаги муваффақиятли лойиҳалардан бири. Лойиҳа қиймати 3,2 миллион еврони ташкил этувчи ушбу замонавий мажмуа илгари қаровсиз бўлган ер майдонида қад ростлади. Бугун 1 280 квадрат метр майдонни эгаллаган корхонада кунига 500 донагача Европа стандартларига тўла жавоб берадиган махсус кийим бош ишлаб чиқарилади. Бош директор Коринна Хорндаль (Corinna Horndahl) ва бош директор ўринбосари Зикрилла Салиев раҳбарлигидаги мазкур корхона махсус ишчи кийимлари ишлаб Божхона ҳудудида қайта ишлашга ихтисослашган. Ишлаб чиқариш жараёни "хомашёдан тайёр маҳсулотгача" тамойили асосида йўлга қўйилган бўлиб, хизматнинг 100 фоизи экспортга йўналтирилган. Фабрикада йил бошидан буён 129 минг евродан зиёд хизмат экспорти амалга оширилган. Маҳсулотларнинг экологик тозалиги ва юқори сифати халқаро “OEKO-TEX Step” сертификати билан тасдиқланган. Корхонанинг ижтимоий масъулияти ҳам юқори даражада. Ҳозирда бу ерда 155 нафар ишчи (улардан 3 нафари имконияти чекланган) меҳнат қилаётган бўлса, яқин истиқболда иш ўринларини 250 тага етказиш режалаштирилган. Ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар эса алоҳида таҳсинга лойиқ. Ижтимоий пакет доирасида бир маҳал иссиқ овқат ва бепул транспорт (автобус) хизмати, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига тўлиқ мувофиқ иш шароити бор. Ишчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2 млн 600 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, корхонада таълим ва амалиёт уйғунлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишчиларда интизом маданияти юксак. Иш вақтида гаплашиш, бегона фаолиятга аралашиши кузатилмайди. Тушлик вақтида тармоқдаги қувват энергия тежаш мақсадида ўчирилади. Бу оралиқда ишчилар дам олади. Аҳамиятлиси, уларнинг болалари учун махсус боғча фаолият юритмоқда. Марғилон 2-сон техникуми ҳамда Фарғона давлат техника университети билан йўлга қўйилган дуал таълим ҳамкорлиги доирасида 7 нафар ёш мутахассис бевосита ишлаб чиқариш жараёнида малака оширмоқда. Ҳа, бу каби замонавий корхоналар нафақат вилоят иқтисодиётига солиқ тушумларини таъминлайди, балки ҳудуднинг халқаро бозордаги нуфузини ҳам оширишга хизмат қилади. Фарғона вилоятидаги ўрганишимиз давом этмоқда. ⚖️Расмий саҳифаларимиз