Содержимое
#Фарғона_вилояти #Ўрганиш Инсон саломатлиги — олий қадрият: Фарғона тумани юқумли касалликлар бўлимидаги ҳолатни ўргандик Тиббиёт соҳасидаги янгиланишларнинг бош мақсади — аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш, беморлар учун муносиб шарт-шароит яратишдан иборат. Бироқ жойлардаги ўрганишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, ҳали-ҳамон моддий-техник базаси маънавий эскирган, бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайдиган шифохоналар мавжуд. Бу эса нафақат беморлар, балки фидойи тиббиёт ходимлари учун ҳам қатор қийинчиликларни туғдирмоқда. Фарғона туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимидаги ҳолат ҳам айнан шундай долзарб масалалардан бири. Бош шифокор Сойибжон Тилаболдиев раҳбарлигидаги ушбу бўлим бинолари 1979 ва 1982 йилларда қурилган бўлиб, ўтган қарийб ярим аср давомида ўз даврини ўтаб бўлган. Айни пайтда 230 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган, 31 ўринга мўлжалланган ушбу маскан ниҳоятда таъмирталаб ҳолатда. Эскирган ромлар, ночор инфратузилма ва замон талабларидан ортда қолган шароитлар тиббий хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, юқумли касалликлар бўлими бўлгани сабабли, бу ерда санитария-эпидемиология қоидаларига мувофиқ алоҳидаланган (изоляция қилинган) замонавий хоналар бўлиши шарт. Аммо мавжуд бино конструкцияси бу талабларга мутлақо жавоб бермайди. Бўлимда 68 нафар фидойи тиббиёт ходими фаолият юритаётган бўлса-да, бинонинг умумий аҳволи уларнинг меҳнат унумдорлигига тўсқинлик қилмоқда. Эътиборли жиҳати, компьютер ва ички тиббий база нисбатан яхши шаклланган, бироқ "пойдевор" — бинонинг ўзи капитал таъмирга муҳтож. Ҳозирда бинони тўлиқ таъмирлаш ва замонавий ҳолатга келтириш лойиҳаси қарийб 9 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Қиймат юқори бўлгани боис, жамоа вазиятдан чиқишнинг муқобил йўлларини изламоқда. Халқ саломатлиги билан боғлиқ бундай стратегик объектлар доимий эътиборимизда бўлади. Бўлимни капитал таъмирлаш ва замонавий тиббий стандартларга мослаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтирамиз. Фарғона вилоятидаги ўрганишимиз давом этмоқда. ⚖️Расмий саҳифаларимиз