Содержимое
Халқ манфаати — олий қадрият Халқ вакилининг масъулияти фақатгина сайлов жараёнлари ёки қонун ижодкорлиги билан чекланиб қолмайди. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 29 августдаги «Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори зиммамизга янги ва ўта масъулиятли вазифани юклади. Бу — овоз бериш жараёнларида ғолиб бўлмаган, бироқ аҳоли учун ҳаётий зарур ҳисобланган лойиҳаларни рўёбга чиқариш орқали ижтимоий адолатни қарор топтиришдир. 🔴 Фракциямиз аъзолари айнан мана шу тамойил асосида чекка ҳудудларга бориб, «Ташаббусли бюджет»да омад кулиб боқмаган маҳаллаларнинг дардини тинглади. Биз ҳам фракциямиз ҳамда партиямизнинг Марказий ва ҳудудий Кенгашлари вакилларидан тузилган ишчи гуруҳимиз билан Фарғона вилоятида айнан шу мақсадга қаратилган ўрганишлар олиб бордик. Айтиш жоизки, Фарғона туманидаги «Гулпиён» маҳалласи ўзига хос ҳудуд. Қирғизистон билан чегарадош бўлган бу масканда ўзбек, қирғиз ва тожик миллатига мансуб ватандошларимиз асрлар давомида аҳил-иноқ яшаб келишмоқда. Бироқ бу ердаги инфратузилма аҳволи бугунги давр талабларига тўлақонли жавоб бермайди. Маҳалла аҳли ички йўлларни асфальтлаштириш учун «Ташаббусли бюджет» лойиҳасига 1 миллиард 647 миллион сўмлик таклиф киритган эди. Аммо чегараолди ҳудудида алоқа ва интернет сифати пастлиги сабабли аҳоли етарли овоз тўплай олмаган ва лойиҳа ғолиблар қаторидан жой олмади. Натижада ҳудуддаги 50- ва 36-умумтаълим мактабларига қатнайдиган юзлаб ўқувчилар ҳамон чанг ва лой кўчалардан юришга мажбур бўлаётган эди. Уч километрлик ички йўлнинг абгор ҳолати нафақат транспорт ҳаракатига, балки аҳоли кайфиятига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани бор гап. Маҳалла аҳли билан учрашувимизда партиямизнинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб иш тутдик. Зеро, чегараолди ҳудудларда яшовчи аҳолига муносиб шароит яратиш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва болаларнинг мактабга хавфсиз боришини таъминлаш — «Адолат» партиясининг устувор вазифаларидан биридир. Биз учун ғолиб бўлмаган лойиҳа дегани — муаммони эътиборсиз қолдириш дегани эмас. Аксинча, бундай ҳудудлар бизнинг диққат марказимизда бўлиши керак. Айниқса, 2026 йил — «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили»да ҳар бир кўчанинг ободлиги жамият юксалишининг кафолатидир. Ўрганишларимиз доирасида жойига бориб, мавжуд ҳолатни ҳар жиҳатдан таҳлил қилдик. Яратилган имкониятдан келиб чиқиб, Гулпиён МФЙ ҳудудидаги ички йўлларни таъмирлаш ва асфальтлаштириш ишларини молиялаштириш бўйича ташаббусни қўллаб-қувватладик. Энди мазкур лойиҳа амалга оширилади. Маҳалла йўлларининг равон бўлиши — мамлакатимизда олиб борилаётган «инсон қадри учун» тамойилидаги ислоҳотларнинг, қолаверса, партиямизнинг адолат ва фаровонлик йўлидаги амалий натижасидир. Бу нафақат йўл қурилиши, балки чегарадош қардошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини ошириш сари ташланган муҳим қадам бўлди. ⚖️Расмий саҳифаларимиз