Содержимое
🔴🟦🟦🟦 ЯНГИ АВЛОД СУДЬЯЛАРИ КАСБИЙ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ КУРСИНИ МУВАФФАҚИЯТЛИ ТАМОМЛАДИ Тошкент давлат юридик университетининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг Касбий қайта тайёрлаш курси битирувчиларига тантанали равишда сертификатлар топширилди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси, Судьялар олий кенгаши, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар ассоциацияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар масъуллари, “Адолат” СДП раҳбарияти, битирувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Маълумки, Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги ПФ-141-сонли фармонига асосан Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилган бўлиб, суд-ҳуқуқ тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизими мутлақо янги босқичга олиб чиқилди. Танлов натижасига кўра, 1016 нафар талабгордан 160 нафар тингловчи курсга қабул қилинган. Ўтган даврда улар жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқ ихтисосликлари бўйича тайёрланди. Тингловчиларнинг 122 нафарини (76 фоиз) эркаклар, 38 нафарини (24 фоиз) аёллар ташкил этди. Курс "назария — амалиёт — имитация" тамойили асосида олиб борилди. 124 соат назарий, 250 соат амалий машғулот ҳамда 250 соат суд имитациялари ўтказилди. Тингловчилар ҳафтада 3 кун судларда амалиёт ўтказиб, 4000 дан ортиқ электрон суд ишлари ва воқеалар асосида одилона қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантирдилар. Ўқув жараёнида 22 та профессор-ўқитувчи, шундан 13 нафар собиқ судья иштирок этди. Шунингдек, тингловчилар Испания, Германия, Литва, Туркия, Япония, Озарбайжон каби давлатлар тажрибаси билан ҳам таништирилди. 🔴 Тадбирда "Адолат" социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова ҳам иштирок этиб, битирувчиларни муборакбод этди. Партия етакчиси судьяликнинг улкан масъулият ва юксак шараф эканини таъкидлаб, "Судьянинг ҳар қандай қарори ортида инсон тақдири, оилалар фаровонлиги ва давлатга бўлган ишонч туради", дея қайд этди. Шунингдек, Робахон Махмудова битирувчиларга нафақат қонун, балки виждон амрига ҳам таяниб иш юритишни насиҳат қилди ва уларга Янги Ўзбекистоннинг одил судлов тизимини ривожлантириш йўлида улкан зафарлар тилади. Тадбир якунида янги авлод судьяларини тайёрлашга бағишланган видеоролик намойиш этилди ва битирувчиларга сертификатлар топширилди. ⚖️Расмий саҳифаларимиз