Содержимое
Биз башарият тамаддуни, илм-фан ва давлатчилик ривожига беқиёс ҳисса қўшиб, миллатимиз шонини дунёга танитган буюк аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ана шундай улуғ сиймолар орасида Соҳибқирон Амир Темур нафақат забардаст саркарда, балки адолат ва интизомга таянган марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида алоҳида эътироф этилади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралда қабул қилинган “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори миллий ўзликни англаш ва тарихий адолатни қарор топтириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. 🔴 Ушбу сана муносабати билан “Адолат” СДП ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли маърифий тадбирлар ва интеллектуал беллашувлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Шаҳрисабз шаҳрида партиямиз Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган “Соҳибқирон тузуклари ва адолат меъёрлари: шонли тарихдан бугунга қадар” мавзусидаги республика маънавий-маърифий анжумани ҳам ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми бўлди. Зотан, Амир Темурнинг жаҳон тарихидаги ўрни беқиёс. “Темур тузуклари”ни қайта-қайта ўқиш, таҳлил қилиш ва қиёсий ўрганиш Соҳибқирон феноменини тўлиқроқ англаш, унинг тарихий ўгитларини ёш авлод қалбига сингдиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Амир Темур ва темурийлар даврига бағишлаб Европа тилларида 500 дан, Шарқ халқлари тилларида эса мингга яқин йирик асарлар яратилган. Қарийб етти асрдан буён олам аҳли ва илм-фан намояндалари Соҳибқирон салтанати тарихини ҳайрат билан ўрганиб келади. Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ёзилган нодир манбалар бугунги кунда Европа, Америка ва Осиё мамлакатларининг нуфузли кутубхоналарида қимматбаҳо мерос сифатида сақланади. Бугун биз Соҳибқироннинг “Куч – адолатда!” деган улуғвор ҳикматини давлатчилигимиз ва ҳуқуқий ислоҳотларимизнинг маънавий ўзаги, деб биламиз. “Адолат” СДП ўз фаолиятини айнан мана шундай тарихий масъулиятга ҳамоҳанг равишда олиб бормоқда. Биз учун жамиятда коррупцияга муросасизлик муҳитини яратиш, давлат бошқарувида шаффофликни таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш – энг олий мақсаддир. Зеро, Амир Темур бундан олти асрдан зиёд вақт муқаддам барпо этган марказлашган давлатнинг пойдевори ҳам айнан адолат, интизом ва қонунга итоат тамойилларига қурилган эди. Соҳибқироннинг "Раият аҳволидан огоҳ бўлмаган, уларнинг дарду ташвишини ўз дардидек билмаган ҳукмдор давлатни бошқара олмайди" деган ҳикматли сўзлари бугун ҳам ўз аҳамиятини заррача йўқотгани йўқ. Шу боис, Соҳибқирон таваллудини кенг нишонлаш – бу фақатгина тарихий саналарга эҳтиром кўрсатиш эмас, балки буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни чуқур ўрганиш, ундан бугунги давлат қурилишимиз ва маънавий тарбия ишимизда илҳом манбаи сифатида фойдаланиш демакдир. "Адолат" СДП ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари томонидан ташкил этилаётган маърифий тадбирлар ва интеллектуал беллашувлар айнан шу олий мақсадга – ёш авлод қалбида миллий ифтихор, тарихий хотира ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Биз ишонамизки, Соҳибқирон Амир Темурнинг адолатга асосланган давлатчилик тажрибаси, илм-фан ва маданиятга бўлган эътибори, халқпарварлик анъаналари бугун ва эртанги куннинг ҳам ишончли йўлчи юлдузи бўлиб хизмат қилаверади. Миллий ўзлигимизни англаш, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга муносиб тарзда етказиш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Зотан, ўз тарихини теран англаган халқ ҳеч қачон адашмайди, ўз буюкларидан куч олган миллат ҳеч қачон енгилмайди. ⚖️Расмий саҳифаларимиз