Содержимое
🟦🟦🟦 Маданият ва санъат — маънавий юксалиш ва миллат кўзгуси Азиз маданият ва санъат соҳаси фидойилари! Барчангизни 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз. Ушбу байрам нафақат соҳа ходимлари, балки ўз ҳаётини халқимизнинг маънавий оламини бойитишга бағишлаган барча ижодкорларнинг шодиёнаси ҳисобланади. Зотан, маданият — миллатнинг юзи, унинг дунё ижтимоий ҳаётидаги ўрнини белгиловчи энг муҳим мезонлардан биридир. Сизларнинг заҳматли меҳнатингиз туфайли аждодларимиздан мерос қолган бебаҳо маданий меросимиз, миллий қадриятларимиз ва санъатимиз дунё минбарларида садо бермоқда. Юртимизда маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижод аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, миллий мақом, бахшичилик ва аския санъатининг қайта тикланиши халқимизнинг ўзлигига қайтишида муҳим қадам бўлди. Театр, мусиқа ва тасвирий санъат соҳасида яратилаётган янги асарлар жамиятимизда инсонпарварлик ва эзгулик ғояларини тарғиб этмоқда. Миллий маданият ва санъатимиз бугунги кунда халқаро фестиваллар ва дунё саҳналарида муносиб эътироф этилиб, юртимиз нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Биз маданиятни миллатнинг соф ва тиниқ кўзгуси, халқ маънавиятини шакллантирувчи қудратли куч деб биламиз. Шу боис, партиямиз ушбу соҳада амалга оширилаётган янгиланишларни, ижодкорларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда маданий меросни асраб-авайлашга қаратилган ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлайди. Аҳамиятлиси, партиямиз сафида нафақат сиёсий жараёнларда фаол, балки ўз касбининг ҳақиқий профессионали бўлган, маданият ва санъат ривожига беқиёс ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар хизмат қилмоқда. Бунинг ёрқин исботи сифатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Адолат" СДП фракцияси аъзоси, таниқли композитор Ойдин Абдуллаеванинг кўп йиллик самарали меҳнатини алоҳида таъкидлашни истардик. Ойдин Утамурадовна каби профессионал кадрларимизнинг борлиги — партиямизнинг маданият соҳасидаги қонунчилик асосларини такомиллаштириш ва миллий санъатимиз манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳияти нақадар юксак эканидан далолат беради. Бундай эътироф, айни пайтда, партиямизнинг соҳа ривожига қўшаётган амалий ҳиссасига берилган баҳодир. Ҳурматли санъат аҳли ва ижодкорлар! Сизлар ўз истеъдодингиз ва фидокорона меҳнатингиз билан инсонлар қалбига нур бағишлайсиз, уларни эзгуликка ва ватанпарварликка чорлайсиз. Жамиятда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш авлодни юксак дид эгаси этиб тарбиялашда сизларнинг ўрнингиз беқиёс. Касб байрамингиз билан яна бир бор қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва ижодий муваффақиятлар тилаймиз. Илҳом завқи сизларни асло тарк этмасин, янги-янги ижодий зафарлар ҳамроҳингиз бўлсин! Касб байрамингиз муборак бўлсин, азизлар! ⚖️Расмий саҳифаларимиз