Содержимое
🟦🟦🟦🟦 Тадбиркорни жазолаш эмас, қўллаб-қувватлаш – устувор мақсад Сир эмас, кучли ва ташаббускор тадбиркор — иқтисодий юксалишнинг асосий иштирокчисидир. Шу сабаб, ривожланган ва бизнес муносабатларини муваффақиятли йўлга қўйган ҳар қайси давлат тажрибасида ишбилармоннинг ҳуқуқий дахлсизлиги ва уларни асоссиз текширув ва аралашувлардан ҳимоя қилиш энг устувор вазифа ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари томонидан куни кеча, 15 апрелда қабул қилинган “Молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш ва суд назорати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида” ги қарор эса бизнес вакилларининг зиммасидаги маъмурий юкни енгиллаштириш ва давлат идораларининг масъулиятини юксалтириш йўлидаги муҳим ҳужжат бўлди. Албатта, ушбу қарорнинг амалий аҳамияти, аввало, иқтисодий рағбатлантиришнинг янги механизмлари жорий этилаётганида намоён бўлади. Жумладан, ваколатли орган томонидан қўлланган молиявий жаримани тадбиркор бир ой ичида ихтиёрий равишда 50 фоиз миқдорда тўласа, жариманинг қолган қисми бекор қилинади. Бу, ўз навбатида, тадбиркор учун молиявий енгиллик яратиш билан бирга, йўл қўйган хатосини камроқ талафот билан тузатиш имкониятидир. Шунингдек, қўлланган молиявий жарима суммасини олти ой давомида тенг миқдорларда бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби ўрнатилмоқда. Бунда ишбилармон бир ой давомида жарима суммасининг олтидан бир қисмини (1/6) тўлаганда, бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби ҳеч қандай қўшимча рухсатномаларсиз автоматик равишда амал қилади. Бу тадбиркорнинг айланма маблағларини сақлаб қолиш, унинг банкрот бўлишининг олдини олиш ва фаолиятини тўхтатмасдан давом эттиришига қаратилган иқтисодий ҳимоя дастаги демакдир. Бундан ташқари, 2027 йилдан бошлаб “Ягона давлат назорати” тизимида жарималарнинг электрон реестри юритилиши коррупцион хавфларни минималлаштиради. Эндиликда реестрга киритилмаган ва электрон имзо билан тасдиқланмаган ҳар қандай жазо чораси юридик кучга эга бўлмайди. Бу назорат қилувчи органларнинг ўзбошимчалигига чек қўйиб, ҳар бир жариманинг қонуний асосларини шаффоф кўринишга келтиради. Эътиборлиси, суд томонидан “ноқонуний” деб топилган жарима маблағларининг 15 кун ичида, ҳатто кечиктирилган ҳар бир кун учун фоизлар билан қайтарилиши — давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларни тенг ҳуқуқли даражага олиб чиқади. Бу эса давлат органларининг қарор қабул қилишдаги масъулиятини ошириб, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини кучайтиради. Таъкидлаш жоизки, давлатимиз иқтисодий ривожланиши учун коррупцияга муросасизлик муҳитини яратиш, бошқарувда шаффофликни таъминлаш ва тадбиркорнинг қонуний манфаатларини ҳар қандай маъмурий ортиқча юкдан ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади. Қарорда бу борада кўплаб самарали механизмлар назарда тутилгани ушбу ислоҳотларни ижтимоий адолат тамойилларига мутаносиб бўлишига йўл очади, деб ҳисоблаймиз. Айниқса, тадбиркорлик соҳасидаги қонунбузарлик учун ҳам юридик шахсга (молиявий), ҳам унинг раҳбарига (маъмурий) жазо қўллаш амалиётини бартараф этиш ташаббуси “бир ҳуқуқбузарлик учун бир жавобгарлик” тамойили билан ҳамоҳангдир. Дарҳақиқат, тадбиркорлик соҳасини либераллаштириш ва суд назорати самарадорлигини ошириш — юртимизда соғлом инвестиция муҳитини шакллантириш, янги иш ўринларини яратиш ва халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг энг ишончли омилидир. Зотан, адолат тамойилларига таянган иқтисодиёт ҳеч қачон инқирозга юз тутмайди. ⚖️Расмий саҳифаларимиз