Содержимое
Ангрендаги "Мирзо Улуғбек" маҳалласида: Ислоҳотлар кўзгуси ва халқ билан мулоқот маскани Бугунги кунда барча янгиланишларнинг остонаси маҳалладан бошланмоқда. Шундан келиб чиқиб, нафақат марказий, балки энг чекка ҳудудлардаги маҳалла идоралари ҳам замонавий қиёфа касб этиб, халқимизга хизмат қилишнинг мутлақо янги тизимига ўтмоқда. Ангрен шаҳридаги "Мирзо Улуғбек" маҳалла идораси биноси билан танишар эканмиз, бунга яққол ишонч ҳосил қилдик. Илгариги пастқам ва эски бинолар ўрнида бугун маҳалла “еттилиги”нинг самарали ишлаши учун барча қулайликларга эга ёруғ ва шинам хоналар ҳозирланган ҳамда ҳақиқатан ҳам, ҳавас қилгулик. Маълумотга кўра, бу ерда 1 555 та хонадон, 2 089 та оила бор ва 4 688 нафар аҳоли яшайди. Маҳалла маркази эса фуқаролар учун хизмат кўрсатувчи яхлит мажмуага айланган. Жумладан, замонавий сартарошхона ва тикувчилик хонаси хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминламоқда. Дорихона, озиқ-овқат дўкони ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш мини цехи аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондирмоқда. Мактабгача таълим ташкилотининг мавжудлиги эса фарзандларимиз тарбияси ишончли қўлларда эканидан далолат беради. Алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай хайрли ишлар замирида нафақат давлат эътибори, балки маҳалланинг ўз жонкуяр тадбиркорларининг ҳиссаси ҳам бор. Маҳалла адолат ва ҳамжиҳатлик маскани эканини амалда исботлаб, беминнат ҳиммат кўрсатаётган Аъзам Назаров каби тадбиркорларимиздан аҳоли миннатдор. Бизнинг мақсадимиз — мана шундай замонавий маҳаллалар сонини кўпайтириш ва “еттилик” тизимини халқнинг чинакам кўмакчисига айлантиришдир. Зеро, маҳалла обод бўлса, юрт обод бўлади, инсон қадри қарор топади. ⚖️Расмий саҳифаларимиз