Содержимое
“Янги Ангрен” мажмуаси: Маънавият ва спорт уйғунлигида янги босқич Жамиятда адолат ва маърифат барқарор бўлиши учун инсоннинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, юртимизда эски ва қаровсиз қолган иншоотларни янги ҳаёт бахш этган ҳолда халқимизга қайтариш хайрли анъанага айланган. Ангрен шаҳридаги “Мирзо Улуғбек” маҳалласидаги собиқ “Дукент” маданият маркази негизида барпо этилган “Янги Ангрен” маданият ва спорт мажмуаси билан танишганимиз ҳам шу туфайли. Ушбу масканнинг бугунги замонавий ва файзли кўриниши — вақтида билдирилган тўғри таклиф ва пухта ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг амалий самараси, албатта. Сабаби мажмуа нафақат ташқи қиёфаси, балки фаолияти ранг-баранглиги билан ҳам бизни қувонтирдию Бу ердаги “BOOK CAFE” ёшларнинг севимли масканига айланиб улгурган. Китобхонлик маданиятини юксалтириш — миллат тафаккурини бойитиш эканини яхши англаган ҳудуд аҳолиси, айниқса, ўқувчи-ёшлар бундан унумли фойдаланилмоқда. Тасвирий ва амалий санъат тўгараклари, шунингдек, миллий қадриятларимизни тарғиб этувчи фольклор ансамблининг мавжудлиги маҳаллада маданий муҳитнинг нақадар бой эканидан далолат беради. Маданият ва спортнинг бир мажмуада жамланиши ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш билан бирга, жисмоний соғлом авлодни тарбиялашга йўл очади. Биз учун энг муҳими, маҳалла аҳли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар ўзлари истаган йўналишда ижод қилиши, спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратилганидир. Бу каби мажмуалар жамиятда ижтимоий аҳилликни мустаҳкамловчи, маданият нафасини ҳар бир хонадонга олиб кирувчи маърифат маркази бўлиб хизмат қилади. Шубҳа йўқки, маданияти бой, китобга меҳр қўйган ва жисмонан соғлом авлоди бор халқнинг келажаги ҳамиша порлоқ бўлади. Биз бундай эзгу ташаббусларни доимий қўллаб-қувватлаймиз. ⚖️Расмий саҳифаларимиз