Содержимое
СИЗ ЖАМИЯТ КЎЗГУСИСИЗ! Қадрли оммавий ахборот воситалари ходимлари! Сиз инсон манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, демократиянинг муҳим йўналишлари ҳисобланмиш сайлов ва суд соҳасида одилликни таъминлаш борасидаги ишларни аҳолига ёритишдек шарафли вазифани адо этиб келмоқдасиз. Бугун мамлакатимизда сўз ва фикр эркинлигини таъминлаш борасидаги ролингиз, жамият ҳаётидаги иштирокингиз ҳар қачонгидан-да, долзарб аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Чунки жаҳон ахборот майдони ҳозирда маълумот, ахборот тарқатиш билан бирга турли ёт ғоялар, мафкураларнинг кураш ўчоғига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шиддатли давримизда кечаётган воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва хабарларни тўғридан-тўғри, манфаатлар мувозанатини сақлаган ҳолда етказиш замон талабига айланган. Шу нуқтаи назардан, соҳа вакилларининг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, жойларда фуқароларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммо ва камчиликларни холис, тезкор ёритиш орқали мутасаддиларнинг масъулиятини оширишдаги ўрни нечоғлиқ муҳим эканлигини яхши биламиз. Қадрли журналист ва блогерлар! Ахборот технологиялари замонавий медиамаконда кун сайин янги қиёфа касб этаётган матбуот ва интернет соҳасидаги таҳлилий-танқидий материалларингиз давлат, шу жумладан, депутатларнинг аҳоли билан тизимли ишлашига йўл очмоқда. Натижада аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалмоқда, халқнинг давлатга бўлган ишончи тобора ортмоқда. Албатта, масъулият, самимийлик, ҳамиша фаол фуқаролик позициясига таянадиган касбингиз, тезкорлик, холислик ва аниқлик принципи асосида фаолият юритишингиз халқ ва давлат ўртасида ишончли вакил бўлишингизни таъминламоқда. Сизнинг ҳар бир ижодий ишингиз халқ фикрини шакллантиради, фуқароларимизга юртга дахлдорлик туйғуси билан яшашни ўргатади. Сўзнинг залвори ва қалам ортидан қадр топиб, эъзоз ва эҳтиромга сазовор бўлиш оммавий ахборот воситаларининг ҳар бир вакили учун чинакам бахт ва эътирофдир. Шу ўринда яна бир бор алоҳида қайд этиб ўтмоқчиманки, мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларини тўлақонли қўллаб-қувватлаш ва янада ривожланишига ҳисса қўшиш бундан буён ҳам Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолаверади. Ватанимизнинг демократик қиёфасини шакллантириш, уни дунёга тараннум этишга беқиёс ҳисса қўшиб келаётган сиз, азиз журналист ва муҳаррирлар, режиссёр ва операторлар, блогерлар, теле-радио каналлар, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахона ходимлари – барча-барчангизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни, касб байрамингиз билан чин қалбимдан табриклайман! Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, ижодий ва касбий баркамоллик тилайман! Ҳамиша қаламингиз ўткир, сўзингиз кескир, объективингиз чақноқ бўлсин! Робахон МАХМУДОВА, Сиёсий Кенгаш раиси Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram | Twitter | YouTube