Содержимое
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги тараққиётга хизмат қилади «Адолат» СДП ташаббуси билан партия Марказий аппаратида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази билан ҳамкорликда «Мамлакатимизда хотин-қизларга яратилаётган имкониятларнинг ўзига хос хусусиятлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова, партия Марказий аппарати ходимлари, ҳамкор ташкилотлар масъуллари, ОАВ вакиллари иштирок этди. Партия етакчиси хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, ижтимоий-сиёсий мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш каби масалалар юзасидан фикр билдирди. Шунингдек, бу борада «Адолат» СДПнинг Сайловолди дастурида ҳам ўзига хос таклиф ва ташаббуслар, мамлакатимиз хотин-қизларининг эркаклар билан тенг равишда турли соҳаларда фаолият юритиши бўйича лойиҳалар ўз аксини топганига алоҳида тўхталди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўғилой Ўрозова, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ходими Дилфуза Шодиевалар масъул ташкилотларнинг хотин-қизлар бандлиги, ижтимоий муҳофазаси, илмий ва ижодий фаолиятини эмин-эркин давом эттириш учун кўрилаётган чора-тадбирлар, амалга оширилаётган ишлари хусусида маълумот берди. Давра суҳбати давомида Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрда «Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2020-2030 йилларда «Ўзбекистон Республикасида гендер тенглигига эришиш стратегияси» қабул қилингани бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Якунда томонлар хотин-қизларнинг юрт тараққиётига дахлдорлигини ошириш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонлик қурбонига айланишини олдини олиш бўйича партия лойиҳаларини амалиётга татбиқ этишда масъул ташкилотлар ва партия ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга келишиб олишди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram | Twitter | YouTube