Содержимое
#Қутлов ДИЁРИМИЗ ФАХРИГА АЙЛАНДИНГ, ДИЁРА! Албатта, ҳар бир инсон дунё миқёсида ўз давлати, Ватани номининг юксак ҳурмат билан тилга олиниши, байроғининг жаҳон ареналарида ҳилпираб туришини кўрса, ўзида такрорланмас ва ажиб ғурур-ифтихор туйғуларни ҳис қилади, юраги қувончдан ҳапқиради. Айниқса, бу юзлаб мамлакатлар вакиллари иштирокида ўтказиладиган халқаро мусобақалар, хусусан, олимпиада мусобақаларида юз берса, бундан ортиқ бахтиёрлик бўлмаса керак. Мана шундай туйғулар, қувонч ва фахр ҳиссини биз куни кеча "Париж –2024" ёзги олимпия ўйинларида дзюдочимиз Диёра Келдиёрованинг эришган шонли ғалабаси орқали ҳис қилдик. Бу улкан ютуқ Ватанимизда спортга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги натижаси сифатида эътироф этилмоқда. Шубҳасиз, бутун халқимиз қаторида бир миллион нафардан ортиқ "адолатчилар" ҳам Диёранинг чемпионликка эришиши йўлидаги қизғин жангларини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатди. Ҳа, чемпионлик йўлидаги машаққатлар кам бўлгани йўқ. Мисол учун, дастлабки баҳсларда Диёранинг 5 йилдан бери мағлубият нималигини билмай келаётган номдор япониялик дзюдочи Ута Абени мағлубиятга учратгани, унинг 5 йиллик ғалабали сериясига чиройли услубда нуқта қўйгани ва япон қизининг кўз ёшлари жуда ҳаяжонли ва кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлди. Ўша онда чемпион қизимиздаги ҳақиқий спортчиларга хос юксак этика, босиқлик ва теран мушоҳадани кўриб, миллионлаб телетомошабинлар ҳайрон қолишди. Германиялик Маша Балхаус, мезбон спортчи Амандин Бушар, косовалик Дистрия Красничи билан кечган беллашувларда ҳам Диёра ўз маҳоратини намойиш этди ва ишончли ғалабага эришди. Фурсатдан фойдаланиб, "Адолат" социал-демократик партияси аъзолари ва ўзим номимдан Диёрани эришган оламшумул ва тарихий ютуғи билан қизғин қутлаб, халқаро миқёсдаги шонли ғалабалар ва зафарли юришлар бардавом бўлишини тилайман! Шунингдек, Олимпия ўйинларида иштирок этаётган миллий терма жамоамиз таркибидаги ҳар бир спортчимизнинг улкан натижаларга эришишига юксак ишонч билдираман! Барчангизга омад ёр бўлсин! Робахон МАХМУДОВА, "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси Батафсил Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram | Twitter | YouTube