Содержимое
📰 Теодор Драйзер деса кўз олдимизга “Америка фожеаси”, “Сармоядор”, “Титан” каби асарлар келади. Драйзер адабиётда реализм йўналишинг энг йўқори чўққиларида туради мен учун. Яқинда эса адибнинг “Тузоқ” номли ҳикоялар тўпламини ўқидим ва бу фикримга янада амин бўлдим. Америкаликлар ҳаётини реал тасвирлашда Драйзер моҳирона тасвирлар ва совуққонликдан фойдаланган. Ҳикоялар нафақат сиёсатчилар, амалдорлар ҳаёти ҳақида(Драйзерни шундайлар ҳаётини тасвирлайди дейди кўплар), балки қуйи қатлам, ишчи ва камбағаллар ҳаётини ҳам ишонарли тарзда яратиб берган. Ҳикояларда турли сиёсий ўйинлар ва ҳийлалар, одамларнинг бойлик ва обрў йулидаги тубанликлар кўрсатилиб сиёсатга қизиқувчилар учун ўзига ҳос қўлланма ҳам бўла олган. Жумладан “Тузоқ” ҳикояси қайсидир жиҳатлардан сиёсатчилар ҳақидаги машхур “Қоғоз уй” сериали воқеаларини ҳам эслатиб юборади. 📃Бу ҳикояга батафсилроқ тўхталиб ўтаман, зеро у сизга яна бир тренддаги воқеани ҳам эслатади. Сиёсатчи Грегори қўлида жиноятчилар гурухи ҳақидаги махфий маълумотлар бор. Буни ошкор қилиб у ўз мавқеини ошириши ва шахарда адолат ўрнатилишига хизмат қилиши мумкин. Аммо, сайлов олдидан қулай фурсатни кутишга мажбур. Бу жиноят гурухи эса бевосита шахар мэри билан ҳам алоқадор. Эндиликда жиноятчилар Грегоридаги маълумотлар чиқмаслиги имконини топиши керак. Бунинг учун улар бир неча одамларни ёллаб Грегорига яқинлаштиради ва унинг заиф томонларини билиб уни шантаж қилиш йўлини қидиришади. Грегорининг ўзини шарманда қилиб,обрўсизлантришга уринишади. Бу ўринда сиёсий найранглар, дўстлик,севги, садоқат каби туйғулар ҳам аралашиб кетади. Хўш қайси томон ғолиб келади, буни албатта китобни ўқиб билиш мумкин. 🔰Озодлик ва Қорли кунда ҳикоялари ҳам жуда маъқул бўлди. Қорли кундада киши бахт ва хурсанчилик қанчалар нисбий эканини тушуниб етади. Ишчилар учун бир кунда топиладиган 1 доллар 75 цент ҳам фаровонлик экани кишини бошқача таъсирлантиради.Озодликда хам ҳаёт мазмуни ҳақидаги ажойиб, таъсирчан фикрлар учрайди. Драйзер нафақат совуққон реалист балки сентиментал адиб сифатида ҳам таасурот уйғотди. Хуллас, бошқаларга ҳам мароқли мутолаа. 👉@kitoblog👈