Содержимое
«Академнашр» раҳбари Санжар Назар «Дарё»га интервью берди, видеоси бу ерда. Интервьюда айтилган муҳим фикрларнинг бир-иккитаси: Болалар нашрлари учун бирорта имтиёз йўқ. «Қора туш даврлари»да, ваҳоланки, бор эди. Болалар нашрлари солиқлардан бутунлай озод эди. Умуман, бошқа китоблар ҳам маълум имтиёзларга эга эди. Ўша йиллари болалар нашрлари солиқ тўламасди. Давлатдан камида шундай ишоралар керак. Бундан кейин китоб қимматроқ ва икки йил олдингига нисбатан сифатсизроқ бўлади. Ҳатто оёққа турган нашриётлар ҳам ўзи хоҳлаган ходим билан ишини давом эттира олмайди. Шунақа пайтда истеъдодли, ҳурмат қозонган, ўзини исботлаган, алоҳида шахслигини кўрсата билган одамга ҳамкорлик таклиф қила оласизми? Бу ўйиннинг ёзилмаган қонуни шуки, молиявий таклифингизни қувватлашга мажбур бўлаверасиз. Қайсидир маънода, давлат бизга имтиёз берсин, бизни қўлласин дейиш хунук ҳолат. Ўзим ёқтирмайман. Шу пайтгача ҳеч бир имтиёздан фойдаланмаганман, бундан кейин ҳам фойдаланмай. Лекин баъзи ўринларда давлат аралашиши ҳам керак. Том маънода мустақил давлат бўлиб яшашни истасак, бу бирламчи эҳтиёжлардан бири. Қанийди, ҳамма тадбиркорларимиз Зафар ака Ҳошимовга ўхшаб китоб чиқаришса... Қанақадир акция, нархидан қатъи назар улар жуда сифатли китоб тайёрлашди. Фақат доим бир савол туғилади: нега Зафар ака бизга буюртма бермасдан, чет элда чиқариб келдилар у китобни? Ўзбекистонда бундай сифат, тажриба йўқ деб ўйласалар керак. Лекин биз қилиб беролардик. Иккита китобниям олдим, кўрдим. Замонавий технологиялардан фойдаланган жойлари бор. Биз ўша томони ҳам қилиб беролардик ва «KorzinkaUz»нинг буюртмасидан учинчи китобимизни чиқарган бўлардик, балки. «Мушуклар маликаси Минуш» китобимизга ўхшатиб бошқа биттасини нашр этармидик... Уларгаям анча арзонга тушарди. Миллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаган бўлардилар ва ҳоказо. Ҳозир гапиряпману, истиҳола бор. Бировнинг меҳнати, чўнтагидаги пулига аралашишга умуман ҳаққимиз йўқ. Ҳозирги ҳаракатнинг ўзига тасанно деймиз. Мабодо, кейинги сафар қилмоқчи бўлсалар, қўшимча маълумот сифатида айтай, ўша китоблардек сифатда ўзимизда ҳам қилиш мумкин. Балки, биз кўрмаётган, сезмаган томонлари бўлгандир. Балки, Украинада китоб чоп этиш осондир, бошқа жиҳатлари бордир. Ишлаш қулай бўлгандир. У томонларини билмаймиз.