Содержимое
Киши тафаккури ривожланишида энг катта ролни СЎЗ ўйнаган. Одамлар атрофдаги нарсаларга таъриф бериб, сўз орқали тушунтириб бера олганида ҳақиқий когнитив революция юз берган. Агар биз сўзлашни билмаганимизда атрофимиздаги нарсаларни, жараёнларни тушуна ва тушунтира олмасдик. Қадимги грек файласуфларида ҳам одам фақат сўз билан ифодалай олалиган нарсаларгина мавжуддир деган назариялар бўлган. Бу борада Ювал Ной Ҳарари ҳам Сапиенс асарида етарлича тўхталган. Киши янги сўзларни, таърифларни ўйлаб топа боргани сари унда тафаккур ривожлана борган. Шунда одамлар нарсаларни, тушунчаларни бир биридан ажратишни, турлашни ўрганган. Гарчи ҳайвонларда ҳам тил бўлсада, улар маълум даражада бир бири билан гаплашсада, бу инсонларникидан фарқ қилади. Зеро улардаги тил ўта примитив, содда ва чекланган кўринишда. Тасаввур учун делфинлар интеллекти, 5-6 ёшли бола интеллекти билан тенглиги (!) ҳақидаги факт ҳам кифоя. Кишининг кўп нарсани билиши ўз навбатида кўп сўзлар, категроияларни ҳам билишини ифодалайди. Кишида сўзлаш қобилияти имитация, қайтариш орқали ривожланади. Бола бошқаларга тақлидан гапиришни ўрганади. Гарчи лингвист Ноам Хомский ёш бола биологик жиҳатдан сўзлашга ва грамматикани билишга мослашган деган ғалати фикрни берган бўлсада. Хомский ноҳақлиги бола тил ўрганишга бир неча йилни сарфлашига тўғри келишини ўзиёқ исботлайди. Зеро билим олишда ҳам шундай деб ҳисоблайман.Киши бошқаларга тақлид, ҳавас орқали билим ўрганишга ҳаракат қилади.Бунинг учун эса бошқалар билимини намойиш қилиб, кўз кўз қилиши керак. Умумий жиҳатдан олиб қараганда бизга соҳавий билимлар керак бўлади. Бу биз маълум соҳада, йўналишда муваффақиятга эришишимиз учун холос. Бу ўринда билим мақсад йўлидаги шунчаки бир воситадек кўринади. Аммо, мақсадларимиз аниқ бўлмаган, ўзгарувчан бўлган бу замонда киши қанча кўп соҳаларни билиши жуда аҳамиятлидир. Бир яхши одам айтгандек, вақт борида билим олиш, ўрганиш керак, зеро эртага билим керак бўлганда вақт топилмаслиги мумкин. 👉@kitoblog👈