Содержимое
Платон ва Фрейд Платоннинг "Давлат" асарини деярли тугатдим. Оҳирги ўнинчи бўлим қолди. Аммо, тўққизинчи бўлимдаги бир боб мени қизиқтириб қўйди. Бу "Тушда ҳосил бўладиган истаклар" деб номланган. Шу бобни ўқиб, Фрейдга тегишли бўлган туш ҳақидаги назариялари ва болалар тарбиясининг уларга кейинчалик таъсири ҳақидаги ўхшаш фикрларни аслида Платон асрлар аввал ёзиб кетганини кўрдим. Бу бироз ҳайратга ҳам солди. Бу бобда Платон туш инсондаги уят ва фикрлаш қувватини ўчириб, унинг буткул барча ҳайвоний истакларини юзага чиқаришини айтади. Барча одамларда ёввойи, шафқатсиз хоҳишлар бўлишини, аммо одам ухламаётганида бундан ўзини виждон ва бошқа ҳолатлар орқали тийиб туришини айтади. Бу ҳолатлар ўша Фрейд айтган онгости истакларнинг, инстинктларнинг тушда юзага чиқишини эслатади. Шунингдек, Платон тиранлар, демократларнинг пайдо бўлиши, одамнинг болалиги ва ўша пайтда ота онаси билан муносабатига боғлиқлигини айтган. Мас, кўплаб истаклари, эркинлиги чекланган, отаси ҳасис бўлган болакай катта бўлгач демократик жамиятни афзал кўришини айтади. Чунки, демократия халқнинг бошқарувини билдириб, бола ёшлигида эришолмаган истакларини шу орқали ҳамма тенглигини таъминлаш орқали эришишга уринади. Демократияда фуқаролар эркин, ўз хоҳиши бўйича иш кўради,бу боланинг ёшликда бостирилган истакларини рўёбга чиқаришга ундайди. Ёки, болалигида ўта эркин, айтганини қилдириб ўрганган бола катта бўлиб, тиранга айланади, дейди Платон. Бундай бола ота онасини ҳам менсимай, ҳатто уларни уришгача боришини ва агар у ҳукуматга эга чиқса ўз истаклари йўлида ҳеч кимни аяб ўтирмаслигини айтади. Фрейд ҳам кишининг психологик шаклланишида асосий рол унинг болалигидаги тарбияси ва ҳиссиётларига боғлиқлигини айтган. Шунинг учун ҳам психоанализда у мижозларнинг болалиги, ўша пайтдаги хотираларини эслатиб кейин даъволашни йўлга қўйган. Фрейд одамларнинг психологик шаклланишини, Платон эса сиёсий, ижтимоий шаклланишини бевосита болалиги билан боғлашган. Қизиқ, жуда қизиқ. П.С: Ҳозирча шу, асарни тугатсам битта подкаст қилиш ниятим бор. 👉@kitoblog👈