Содержимое
📚Социолог ва психолог Густав Лебоннинг "Омма психологияси" ҳақида бир неча марта ёзгандим. Китоб гарчи 1895 йилда ёзилган бўлсада, ундаги фикрлар ҳали ҳануз долзарб. Шу китоб чоп этилиб энди олдиндан буюртма олишаётган экан. Шунга яна бир бор тақризни улашмоқчиман. 🔹Китоб нима ҳақида? Муаллиф китобни ўзининг кўплаб саёҳатларидан олган хулосалари асосида ёзган. Дастлаб омма, авом онги қандай шаклланиши, аҳлоқ қоидалари вужудга келиши тушунтирилади. Алоҳида одам ва омма аҳлоқидаги ўзгаришлар қандай юз бериши очиб берилади. Умуман эндиликда омма, юқори табақа вакиллариданда аҳамиятли ўринга чиқиб бораётгани, давлат иродаси ва сиёсати омма таъсирида шаклланиши асослаб берилган. Оммани бошқарув ва манипуляция қилиш бўйича, унга таъсир ўтказиш бўйича қимматли маълумотлар бор. Ва бу маълумотлар тарихий воқеалар Француз инқилоби, Наполеон жанглари ва диний раҳнамолар мисолида исботлаб кетилади. Якунда лидерлар қандай ажралиб чиқиши ва парламент шаклланиши, давлат бошқаруви асослари ҳам ёритилган. 🔹Китобни нега ўқиш керак? Аввало биз ҳам омма таркибидамиз, демак ўзимизни, фикрлашимизни англаш учун жуда зарур китоб. Бугунги ахборот асрида эса биз манипуляцияга ҳар қачонгиданда кўпроқ учрамоқдамиз. Сиёсатчилар, раҳбарлар ва маркетологларнинг турли найрангларига учмаслик учун ҳам китобни ҳамма ўқиб чиқиши даркор. Бошқа томондан айнан етакчи бўлишни хоҳловчи, бошқаларга таъсир ўтказишни ўрганишни хоҳлайдиганлар учун ҳам асар айни муддао. Китоб асли халқнинг “кўзини очиш” учун ёзилган бўлсада, ўша пайтдаёқ аксинча давлат раҳбарлари, доҳийлар учун оммани бошқариш учун қўлланма ҳам бўлган. 🔹Китоб кимлар учун? Умуман турли найрангларга учишни истамайдиган оддий истеъмолчидан тортиб, сиёсатчилар, лидер бўлишни истовчилар, раҳбарлар, маркетологлар ва пиарчилар китобдан ўзига керакли маълумотларга эга бўлади. 🔹Китобдан олинган хулоса Шаҳсан ўзим китобдан кутганимдан кўпроқ таасурот олдим.Китоб ҳажми унчалик катта бўлмасада берилган фикрлар катта қийматга эга. Ўқиш жараёнида ҳар бир фикрнинг танишлиги, тўғри ёритилганига ажабландим ҳам. Мутолаа давомида асарда айтилган фикрлар, мисолларга кундалик ҳаётда ҳам дуч келишингизга амин бўласиз. ОАВ лардаги хабарлар, блоглардаги фикрлар, шиорлар, баланд минбарлардаги кишиларга бевосита ўзгача кўз билан қарай бошлайди одам. Уларнинг асл манфаатларини кўра бошлайсиз, гўё. Ҳатто ўша пайтдаги гаплар бугунги кунга ҳам мос келишини кўриб, китоб “эскирмайдиган классика” эканига амин бўлдим. Ўқувчи асарни ўқиб ҳам ўз ички олами, ҳам атрофдагилар муносабатларини янада теранроқ англай бошлайди. Шундай экан китобни ҳаммага тавсия қилиб қоламан. Мутолаадан ва фикрлашдан чарчаманг. 📤Китобни буюртма қилиш учун @bookuzbekга ёзинг. 👉@kitoblog👈