Содержимое
ФИКРСИЗЛИКДАГИ ЗЕРИКИШ Шодмонқул Салом бир мақоласида шундай ёзибди: “Ёлғиз кишининг, умуман, бугунги кун одамининг энг катта фожеаси зерикишдир. Зерикаётган одамдан кўра хавфли мавжудот йўқ”. Бу фикр раҳматли Абдулла Ориповнинг бир гапини эсимга солди. Чамаси, ўтган асрнинг 90-йиллари эди. Абдулла ака Италияга бориб келди. Сафар таассуротларини эшитайлик, деб уйига зиёратга бордик. Абдулла ака гурунгида: “Римга нега келдинг, тунислик бола?” деган шеърини ўқиб бериб, шеърнинг яралиши ҳақида сўзлади. Воқеа шундай эди: бир тунислик саргардон ўсмир бола иш излаб Римга келиб қолади. Бир кечаси римлик бой-бадавлат одамларнинг олифта болалари овора юрган шу мусофир болани кўчада тутиб оладилар ва устига бензин қуйиб ёқиб юборадилар. Тунислик бола шу жойнинг ўзида куйиб ўлади. Абдулла ака ҳодисанинг охирини хавотир ва қайғу билан айтгани ҳамон эсимда: “Биласизларми, кейин нима бўлган, – деди-да у бир муддат ўйга толди, кўзларида мунг қалқди. – Кейин тергов пайтида олифта безорилардан: “Нега бундай қилдинглар?” деб сўрашганида, улар: “Зерикиб кетдик. Зерикканимиздан шундай қилдик. Томоша учун”, деб жавоб беришган. Шодмонқул тўғри ёзибди, зерикаётган одамдан кўра хавфлироқ мавжудот йўқ, айниқса, у фикрламайдиган бўлсa... Эшқобил Шукур, "Ҳаёт адабиёти ва адабиёт ҳаёти" мақоласидан олинди (ЎзАС» газетаси 49-сон) @kitobxonam