Содержимое
📚Демак 2020 йилда 40 га яқин китоб ўқибман. Қуйида бошқаларга ҳам тавсия қиладиган асарларим: 1.Ха-Джунг Чанг - Как устроена экономика Иқтисодиёт қандай тузилгани ва қандай ишлаши борасида бироз содда аммо мукаммал китоблардан. Одатий иқтисодий назария ва қарашлардан ҳоли объектив ёндошув. Иқтисодий тузумлардан, жараёнларгача майда жиҳатлар батафсил тушунтирилган. 2. Платон - Государство Бу асар орзудаги давлат тузилиши, бошқаруви қандай бўлиши керак деган саволларга жавоб беришга интилади. Энг кенг тарқалган бошқарув услублари таққосланган. Шунингдек бундай давлат фуқаролари, бошқарувчилари ҳусусиятлари ҳақида ҳам гап боради. 3. Д. Мейсон-Қуроллар, микроблар ва пўлат. Бу китоб асли анча олдин ёзилган бўлсада, ўтган йили таржима қилингач қизиқиб ўқигандим. Китоб ҳозирги жамиятлар, давлатлар нега баъзилари қудратли ва бой, бошқалари ундай эмаслигига жавоб излайди. Нега Европаликлар Африкани эгаллаб олган-у, аммо африкаликлар Европани эмас? Энг узоқ тарихдан бошлаб, сабаблар қидирилади. 4. Нассим Талеб - Қора оққуш Нассим Талеб ливанлик собиқ бизнес трейдер, ёзувчи, фалсафа доктори.Бу асар эса ҳаётимиздаги турли “қора оққуш” лар – кутилмаган ҳолатлар, тасодифларга тайёр туриш лозимлигини, бундай ҳолатлар қандай вужудга келишини тушунтиришга уқтиради. Асарда муаллиф эҳтимоллар ҳақида, скептицизим, статистик маълумотларнинг нотўғри баҳоланиши, масштабли касблар борасидаги фикрларини билдириб ўтади. Бироз қийин услубда ёзилган, скептик қараш билан ўқиган маъқул. 5. Наоми Кляйн - Доктрина шока Иқтисод, сиёсатга қизиқувчилардан тортиб бугунги дунёдаги урушлар, воқеаларга теран назар солмоқчи бўлган барчага тавсия қилинади. Бу асар замонавий иқтисодий сиёсат, капиталистик тузум, эркин савдо каби концепциялардан тортиб Американинг гегемонлик сиёсати ҳақида ҳам қимматли маълумотлар беради. Турли урушларнинг, жаҳонда юз берган воқеалар асл сабабларини очишга уринади. 6. Густав Лебон - "Омма психологияси" Омма, авом онги қандай шаклланиши, аҳлоқ қоидалари вужудга келишидан тортиб сиёсий жараёнларгача тушунтирилади. Алоҳида одам ва омма аҳлоқидаги ўзгаришлар қандай юз бериши очиб берилади. Оммани бошқарув ва манипуляция қилиш бўйича, унга таъсир ўтказиш бўйича қимматли маълумотлар бор. 7. Ҳерман Ҳессе - "Чўл бўриси" Рўйхатдаги ягона бадиий асар. Инсон ички руҳияти ва зиддиятлари ҳақида сўзловчи асар. Фрейд назариясидан илҳомланиган. Онгостидаги истаклар, туйғулар ҳақида сўз боради. Қийин ўқилади, аммо жуда катта мароқ билан ўқигандим. П. С. Барча асарларни интернетдан топса бўлади, Мейсон ва Ҳессе асарлари ўзбекчада ҳам бор. 👉@kitoblog👈