Содержимое
📊2020 йилда кўп ўқилган адиблар Йил оҳирида, Фейсбукдаги "Китобхонлар давраси" китобхонларидан йил давомида ўқиган китоблари сарҳисобини сўраган эдик. Жуда кўп изоҳлар ва фикрлар билдирилди. Ўша сарҳисобларни ҳаммасини жамлаб, энг кўп ўқилган адиблар рейтингини тузиб чиқдим. Рўйҳатда жиддий адиблар, асарлар кам, аммо улар ростдан ҳам сўнгги пайтлар кўп ўқилаяпти. Бошқа кўплаб дўкон, нашриёт харидларида ҳам бу асарлар харидоргир бўлса не ажаб. Турли ижтимоий тармоқдаги пиар ва нашриётлар маркетинг сиёсати ҳам китобхонлар дидига таъсир кўрсатмоқда албатта. 🔝Демак Топ-10 талик (рўйҳатдаги кетма кетлик айнан тўғри бўлмай, бироз фарқ қилиши мумкин) 1. Аҳмад Лутфий Қозончи Туркиялик адиб рўйҳатда биринчи туриши ажабланарли эмас, назаримда. “Саодат асри қиссалари”, “Қайнона” ва “Ўгай она” каби асарлари билан танилган адиб китобхонлар орасида машҳур. Тармоқларда ҳам асарларини жуда кўп излашади. 2. Ден Браун Ден Браун детектив, мистика мухлисларига жуда қадрли ёзувчилардан. “Рақамли қалъа” таржимаси эса унинг ижодига қизиқишни қайта уйғотгандек. “Фаришталар ва иблислар” асари, Роберт Ленгдоннинг саргузаштлари китобхонларни ҳали ҳануз ўзига ошно қилмоқда. 3. Амина Шенликўғлу Сўнгги бир йилда бизда танила бошлаган яна бир турк адибаси. “Имомнинг манекен қизи”, “Насроний атиргули” асарлари машҳур. Аҳлоқий, диний контекстдалиги учун ҳам кўпчиликка ёқади. Шаҳсан ўзим бу каби асарларни ўқимайман, лекин. 4. Паоло Коэльо Бу адибга таъриф ортиқча. Кўплаб китобхонларнинг “мутолаа тили” Алкимёгар билан чиққан. Ўқиганлар ҳам, ўқимаганлар ҳам бирдай муҳокама қиладиган асар. 5. Джордж Оруэлл Агар “1984” таржима қилинмаганда кўпчилик бизда бундай ёзувчи борлигини билмай кетарди, менимча. Асар жуда кўп пиар қилинган, аммо бу антиутопик асар мазмунига ҳалигача кўпчилик тушунмайди. “Молхона” ҳам яхши ёзилган. Умуман рўйҳатимиздаги дастлабки “жиддий” адиб. 6. Элчин Сафарли Сафарлисиз бу рўйҳат бўлиши мумкин эмасди. Оҳирги пайтлар асарлари кетма кет ўзбекчага таржима қилинаётган адиблардан. Сентиментал китобхонларнинг севимли ёзувчиларидан. Мен эса унинг “Менга сени ваъда қилишган” асари тўлиқ таржимасини кутаман, менга ёққани шу китоб. 7. Дениэл Киз Кизни бу рўйҳатга ягона “Элжернонга аталган гуллар” асари олиб кирди. Чарли Гордоннинг сирли тарихи жуда қизиқарли баён қилинган. Асар жуда яхши, ўзим олдинроқ ўқиганимда маъқул бўлган. 8. Ҳолид Ҳусайний “Шамол ортидан югуриб”, “Тоғлар ҳам садо беради” каби асарлар бир неча йилдирки китобхонлар орасида Ҳусайнийни танитиб келади. Асарлари ёмон эмас, одамлар орасидаги маиший ҳаёт, муносабатларни яхши тасвирлайди. 9. Тохир Малик Рўйҳатдаги ягона ўзбек адиби. “Шайтанат” дан тортиб сўнгги йилларда турли ҳикматлар, нақлларни жамлаган асарлар муаллифи. Кўп танқид қилинсада, кўп ўқилади барибир. 10. Ф.М. Достоевский – Л. Толстой Аслида рўйҳат бошида туриши лозим бўлган классик адиблар. Шунга қарамай ҳали ҳануз ўқилаётгани ижобий ҳол. Таржималарнинг қайта нашри ҳам асарлар кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда. “Ака ука Карамазовлар” чиқиши эса ҳамон кечикмоқда.. 🔜Давомида Ремарк, Гунтекин ва Чингиз Айтматовлар ҳам бўлиши мумкин эди.. Қисқаси рўйҳат шундай. Аниқ биламан рўйҳатдагилар дан энг камида биттасини ўқигансиз.🙂 👉@kitoblog👈