Vsebina objave
Муносабат Тўй ва оилавий тантаналар ўзбеклар учун қадимий анъаналарга таянган муҳим қадриятдир. Улар халқимиз маданияти, тарихий хотираси ва ижтимоий муносабатларининг узвий давоми сифатида шаклланган ҳамда маданиятни асраш, жамоани бирлаштириш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ижтимоий институт ҳисобланади. Афсуски, орамизда айрим кишилар тўйларни ўзига хослик, бирдамлик ва маънавий қадриятларни намойиш этувчи маросим сифатида эмас, балки иллатларни тарғиб қилувчи тадбирга айлантирмоқда. Буни сиз видеода кўриб турибсиз. Ҳуқуқий жиҳатдан, пул белгиси давлат томонидан муҳофаза қилинадиган расмий қийматдир. Уни кесиш, ёпиштириш, тешиш ёки ҳар қандай тарзда бузиш қонун талабларига зид ҳисобланади. Пул — молиявий барқарорлик асосларидан бири бўлгани учун уни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг масъулиятидир. Маънавий жиҳатдан, пулга бундай муносабат исрофгарчилик, давлат рамзларига ҳурматсизлик ва жамият қадриятларига бефарқлик сифатида қабул қилинади. Ҳалол меҳнат билан топилган неъматни бузиш, уни безакка айлантириш ёки арзон ҳавас учун сарфлаш инсоннинг ўз ва ҳам жамият қадриятларига нисбатан ҳам салбий соя солади. Давлат рамзини ҳимоя қилиш жамиятдаги тартибнинг, инсонийликнинг ва масъулиятнинг бир бўлагидир. Қадриятни қадрлаган жамият барқарор яшайди, унга бефарқлик эса ҳар доим салбий оқибатларга олиб келади. Айниқса бир кунлик тўй ёки маросимнинг дабдабасини кўрсатиш учун мамлакатимиз пул бирлигини безак, шоу, ҳавойи намойиш сифатида ишлатиш — бу на анъана, на маданиятдир. Бу — пулга, меҳнатга, давлат рамзига ҳурматсизлик. Миллий валютанинг қадри у билан қандай муомалада бўлишимиздан бошланади. Шундай ҳолатларга нисбатан қонун билан белгиланган қатъий жазо чораларини қўллаш шарт. Чунки давлат рамзини ҳимоя қилиш — ҳар бир фуқаронинг бурчи, уни бузганга нисбатан эса қонуннинг кескин ва адолатли чораси бўлиши керак! Тафаккур қилайлик! Социолог, Сухробхўжа Хидиров. @Xidirovformat