Vsebina objave
Қадриятларимиз устидан кулганларга жазо борми? Миллий қадриятлар, анъаналар, урф-одат ва маросимлар — бу халқнинг шунчаки одатлари эмас, балки унинг маданий генетикаси, маънавий коди ҳисобланади. Улар авлодларни бир-бирига боғлайди, миллатнинг кимлигини белгилайди, жамиятнинг қалбида барқарорлик ва ҳамжиҳатлик руҳини яшнатади. Ана шундай устунлари мустаҳкам жамият ташқи босимлар ва тез глобал ўзгаришлар қаршисида ҳам ўз йўлини йўқотмайди — бу илмий жиҳатдан ҳам тасдиқланган ҳақиқат. Шунинг учун миллий қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик одамлар руҳиятида беихтиёр оғриқ уйғотади, жамиятда салбий кайфиятни кучайтиради. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео — бефаросат ва тутруқсиз кимсалар томонидан таниқли спортчининг суратини илиб қўйиб, унга “келин салом” қилиш саҳнаси — бунга жонли мисолдир. Бу ҳаракат анъаналарнинг маънавий юзига мутлақо тўғри келмайди, халқнинг қадр-қимматига ҳамоҳанг эмас. Қонун нуқтаи назаридан эса бундай қилмиш — қадриятларни қасддан таҳқирлаш, оммавий тартибни бузиш ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиши мумкин. Жамият барқарорлиги айнан қонун устуворлигига боғлиқ экани социологияда “қонунийлик ва тартиб парадигмаси” сифатида таърифланади: ҳуқуқий меъёрлар сақланаётган жойда тартиб, тартиб бор жойда эса барқарорлик бўлади. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, миллий қадриятлар — халқнинг тарихий хотираси, маънавий устуни ва руҳий барқарорлигининг энг муҳим пойдеворидир. Унга нисбатан ҳурматсизлик на фақат ахлоқий, балки ҳуқуқий сабабли оқибатларга ҳам олиб келиши табиий. Бундай вазиятларда эҳтиросга берилиш эмас, балки қонун асосида, холис ва адолатли тартибда чора кўриш — энг тўғри йўлдир. Социолог, Сухробхўжа Хидиров @xidirovformat