Vsebina objave
#социо_таҳлил Ўзбекистонда никоҳлар камайиб, ажралишлар кўпаймоқда — социологик қараш Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025-йилнинг январь–декабрь ойларида Ўзбекистонда қайд этилган никоҳлар сони 267,1 мингни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,7 мингга камайган. Шу билан бирга, никоҳдан ажралишлар сони 46,9 мингга етиб, 1,8 мингтага ошган. Мутахассислар ушбу тенденцияни жамиятда оила институтининг трансформацияси билан боғламоқда. Социологик нуқтаи назардан, никоҳлар сонининг камайиши, аввало, никоҳ ёшининг кечикиши, иқтисодий барқарорликка интилиш ва шахсий ривожланишни устувор қўйиш билан изоҳланади. Ёшлар орасида оила қуришдан олдин таълим, касб ва молиявий мустақилликка эришиш муҳим деб қаралмоқда. Ажралишлар сонининг ошиши эса оилавий муносабатлардаги сифат ўзгаришларидан далолат беради. Айниқса, ажралишларнинг 60 фоиздан ортиғи шаҳар жойларига тўғри келаётгани шаҳар муҳитида индивидуал эркинлик, ҳуқуқий онг ва иқтисодий мустақиллик юқорилигини кўрсатади. Бу эса муаммоли никоҳларни сақлаб қолишга бўлган ижтимоий босим камайганини англатади. Қишлоқ жойларда никоҳлар улуши юқори сақланиб қолган бўлса-да, ажралишлар нисбатан кам. Бу ҳудудларда анъанавий қадриятлар ва жамоат назорати ҳануз муҳим омил бўлиб қолмоқда. Мутахассислар фикрича, мазкур жараёнларни оила институтининг инқирози деб эмас, балки унинг замон талабларига мос равишда ўзгариши сифатида баҳолаш тўғрироқ. Шу боис, ёшларни никоҳга тайёрлаш, оилавий психологияни кучайтириш ва ёш оилаларни иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар долзарб аҳамият касб этмоқда. Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat