Vsebina objave
#Муносабат (Социо-таҳлил) Афғонистоннинг радикал ахлатхонаси Марказий Осиё учун сабоқ! Қобул атрофидаги маросимда толибон тарафдори томонидан афғонларни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудида “жиҳод”га чақириш ҳолати тасодифий чиқиш сифатида эмас, балки кенг ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ифодаси сифатида баҳоланиши лозим. Афғонистон сўнгги 40 йилдан ортиқ давом этган узлуксиз урушлар сабаб жамият сифатида чуқур травматик ҳолатни бошдан кечирган. Социологик нуқтаи назардан, бундай узоқ муддатли зўравонлик муҳити радикаллашувни энг юқори нуқтага олиб чиқади: тинч ҳаётга мослаша олмаган, зўравонликни “норма” деб қабул қилган айрим мутассиб ва жоҳил қатлам шаклланади. Шу билан бирга, шуни аниқ тушуниб олиш керакки, ҳокимиятни эгаллаб олган, жафокаш афғон халқи устида сиёсат юритаётган толибон ҳаракати амалда бутун Афғонистон устидан тўлиқ ва марказлашган назоратни ҳалигача ўрната олгани йўқ. Улар умумафғон сиёсий иродани шакллантириш ва жамият номидан бир овозда гапириш қобилиятига ҳам тўлиқ эга эмас. Толибон ичида ҳам оғзига келганини сайрайдиган гуруҳлар ва шахслар ҳали бисёр, бу эса турли радикал чиқишлар пайдо бўлишига замин яратади. Шу нуқтаи назардан, бундай чақириқлар фақат диний фанатизм билан изоҳланмайди. Айрим радикал шахслар империалистик кайфиятдаги, минтақавий беқарорликдан манфаатдор давлатлар махсус хизматларининг билвосита ёки бевосита буюртмаларини бажараётган бўлиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Илмий адабиётларда бундай ҳолат “прокси-радикализм” сифатида тавсифланади — яъни ғоя ва дин ниқоби остида геосиёсий босим ўтказиш. Нутқда Марказий Осиё давлатларини “куфр тизим” сифатида кўрсатиш орқали мавжуд давлатчиликни инкор этишга уриниш кузатилади. Бу “биз–улар” қарама-қаршилигини сунъий равишда кучайтириш орқали зўравонликни оқлашга хизмат қилади. Франклин Рузвельт таъбири билан айтганда, “сиёсатда тасодифлар бўлмайди”. Халқаро майдондаги кескин геосиёсий жараёнлар фонида бундай чақириқларнинг янграши Марказий Осиё давлатлари учун маънавий-мафкуравий хавфсизликни кучайтириш, ахборот ва онг соҳасида ҳушёрликни ошириш зарурлигини яна бир бор кўрсатади. Хулоса қилиб айтганда, бу таҳдидларга жавоб фақат куч ишлатиш ёки хавфсизлик чоралари билан чекланмаслиги керак. Минтақавий бирлик, умумий цивилизацион идентиклик, маънавий тарбия ва “Ренессанс руҳидаги” онгли жамиятни шакллантириш — радикал ғояларга қарши энг самарали ижтимоий иммунитет ҳисобланади. Социолог, Сухробхўжа Хидиров @xidirovformat