TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Xidirov formati
Xidirov formati avatar

TGINSIGHT POST

Post #183

@Xidirovformat

Xidirov formati

Ogledi1,010Število ogledov
Objavljeno5. feb.05. 02. 2026, 03:24
Vsebina

Vsebina objave

Диққат, хушхабар! Маънавий бойлигимиз регулятори Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан тайёрланган “Миллий қадриятлар атласи” номли фундаментал илмий асар “Маънавият” нашриёти томонидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилди. Ушбу асарнинг расмий тақдимоти Республика Тасвирий санъат галереяси биносида бўлиб ўтди. “Миллий қадриятлар атласи” — бу миллий қадриятларни илмий асосда тизимлаштирган, уларни ҳужжатлаштирган ва умумлаштирган ягона ахборот базаси ҳисобланади. Айни пайтда у Ўзбекистоннинг маданий дипломатиясида стратегик аҳамиятга эга интеллектуал маҳсулот сифатида намоён бўлмоқда. Асарнинг асосий қиммати шундаки, у миллий қадриятларни фақат тавсифлаш билан чекланмай, балки уларни илмий таҳлил, тарихий манбалар ва этнографик материаллар асосида мустаҳкамлайди. Бу эса: Ўзбекистонда яшовчи аҳоли, хорижда истиқомат қилаётган миллионлаб ўзбек диаспораси, шунингдек, 15 миллиондан ортиқ қўшни мамлакатларда яшовчи ўзбек миллатдошларимиз учун ўз миллий ўзлигини сақлаб қолиш, ассимиляция жараёнларига қарши маънавий иммунитетни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Асарда минглаб ўзбек урф-одатлари, анъаналари ва маросимлари қамраб олинган. Хусусан, инсон ҳаётининг барча босқичлари — туғилиш, бешик маросимлари, болалик, ёшлик, никоҳ, тўй-маросимлар, ижтимоий муносабатлар, мотам маросимлари ва ҳаётнинг охирги босқичигача бўлган қадриятлар тизимли равишда ёритилган. “Миллий қадриятлар атласи” 1,5 йил давомида: ўнлаб етакчи олимлар, қарийб 30 та илмий ва маданий ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилган йирик фундаментал илмий тадқиқот натижасидир. Мазкур асар нафақат гуманитар фанлар учун, балки: сунъий интеллект тизимларини миллий контент билан бойитиш, рақамли маданий мерос яратиш, билимлар базаси (knowledge base), таълим, тарбия ва ахборот хавфсизлиги соҳалари учун ҳам ишончли илмий манба вазифасини бажара олади. Қисқача айтганда, “Миллий қадриятлар атласи” — бу ўтмиш, бугун ва келажакни боғловчи, миллий ўзликни асраш ва глобал майдонда илмий асосда тақдим этишга хизмат қилувчи улкан маънавий ва интеллектуал меросдир. Социолог, Сухробхўжа Хидиров. @xidirovformat