Vsebina objave
Ўзбекчилик Яхши ташаббус, унутилган қадриятларни қайта тиклашга қаратилган ибратли тарғибот материали бўлибди. “Ўзбекчилик” сўзи, минг афсуски, кейинги йилларда халқимиз орасида айрим салбий иллатларга синоним сифатида талқин қилиниб, стереотип даражасигача тушириб қўйилган эди. Ваҳоланки, тарихий ва илмий нуқтаи назардан қараганда, ўзбекчилик — бу халқимизнинг минг йиллик тафаккур тарзи, маънавий мероси, анъана ва урф-одатларга содиқлик, юксак инсоний фазилатлар билан уйғун ҳаёт кечириш маданиятидир. Этносоциологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, миллий ўзликни англаш ва қадриятларга таяниш жамият барқарорлиги, ижтимоий ишонч ва авлодлар ўртасидаги маънавий мерос узвийлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, ўзбекчилик — меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат, оила муқаддаслиги, қўшничилик маданияти, меҳмондўстлик, ҳалоллик ва ватанпарварлик каби фазилатларни мужассам этган тушунчадир. Мазкур контент айнан шу асл маъноларни очиб беришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли. У “ўзбекчилик” тушунчасини салбий қарашлардан тозалаб, унинг асл маънавий-ахлоқий моҳиятини жамоатчиликка қайта етказишга ҳисса қўшади. Бу эса, ўз навбатида, миллий ўзликни мустаҳкамлаш, ёшлар онгида соғлом қадриятлар тизимини шакллантириш ва жамиятда ижобий маънавий муҳит яратишга хизмат қилади. Бундай маърифий ташаббуслар изчил давом этса, “ўзбекчилик” сўзи яна ўзининг асл мазмуни — инсонийлик, виждон, ор-номус ва маънавий поклик рамзи сифатида қабул қилина бошлайди. Лавҳани кўринг ва тафаккур қилинг! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat