Vsebina objave
“Вертер эффекти” ва ижтимоий тақлид 1774 йилда Гёте “Ёш Вертернинг изтироблари” романини нашр этгандан сўнг Европада кутилмаган ҳодиса кузатилди: асар қаҳрамонига тақлид қилиш ҳолатлари кескин кўпайди. Ҳатто айрим давлатларда китобни тақиқлашгача борилди. 1974 йилда социолог Дэвид Филлипс бу ҳодисани илмий таҳлил қилиб, оммавий ахборот воситаларида муайян хатти-ҳаракатлар сенсацион тарзда ёритилса, жамиятда ўхшаш ҳолатлар статистик жиҳатдан ошишини исботлади. Бу феномен “Вертер эффекти” деб аталди. Бугунги рақамли даврда Вертер эффекти ўзининг классик шаклидан ўтиб, янги – “Рақамли Вертер эффекти” кўринишини олди. Агар илгари ёшларга бадиий асарлар таъсир ўтказган бўлса, ҳозирги кунда интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлардаги (ТикТок, YouTube, Instagram) пранклар, хавфли челленжлар ва трендлар худди шундай тақлидий занжир реакциясини келтириб чиқармоқда. Статистикага эътибор беринг: агар ижтимоий тармоқда битта “оригинал” бузғунчи видео (масалан, ўқитувчини мазах қилиш) трендга чиқса, кейинги 24 соат ичида унинг 10 мингдан ортиқ нусхалари (клонлари) пайдо бўлади. Нега? Ёшлар онгидаги оддий арифметика: демак, видео 1 миллион марта кўрилган бўлса, улар ўша заҳотиёқ ўзларини ҳам худди шундай тутиб, видеога олиб тарқата бошлайдилар. Худди вируснинг тарқалишидек. Биргина “бемор” (блогер) бир кунда неча юз минг, эҳтимол миллионлаб онгни “касаллантириши” мумкин. Натижада, кечагина уят саналган ҳаракат, бугун минглаб одамлар такрорлайдиган оддий ҳолатга – нормага айланади. Шу нуқтаи назардан, кино ва сериаллардаги оилавий можаролар, айниқса “қайнона–келин” зиддиятлари ёки ажрашиш сюжетларининг доимий ва драмалаштирилган тарзда намоён этилиши жамоат онгида муайян когнитив схемаларни шакллантириши мумкин. Агар можаро доимий, ҳал этилмас ва ажрашиш энг “табиий ечим” сифатида кўрсатилса, бу: - оилавий зиддиятларни нормал ҳолат сифатида қабул қилиш, - муаммони музокара орқали ҳал қилиш - — кўникмаларининг етарли моделлаштирилмаслиги, - ажрашишни ижтимоий жиҳатдан “одатий” қарор сифатида қабул қилиш - каби психологик тенденцияларни кучайтириши эҳтимолдан холи эмас. Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда ахборот шунчаки хабар эмас — у ижтимоий хулқни моделлаштирувчи кучга айланиб улгурган. Қайси ҳаракатни оммалаштирсак, жамиятда шу ҳаракат такрорланади. Шунинг учун рақамли муҳитда масъулиятли контент яратиш ва танлаш — шахсий эмас, балки ижтимоий масъулиятдир. Норма тасодифан шаклланмайди; уни биз — кўриш, лайк босиш ва улашиш орқали яратамиз. @Xidirovformat