TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Xidirov formati
Xidirov formati avatar

TGINSIGHT POST

Post #200

@Xidirovformat

Xidirov formati

Ogledi7,120Število ogledov
Objavljeno21. feb.21. 02. 2026, 01:23
Vsebina

Vsebina objave

Дунёнинг сўнги куни 1984 йилда “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан Рэй Брэдберининг “There Will Come Soft Rains” (“Майин ёмғир ёғади”) асари асосида фильм яратилган. Асар ва фильм ғоявий жиҳатдан ядровий фалокатдан кейинги инсоният тақдирини тасвирлайди. Фильм воқеалари 2026 йил 31 декабрь куни содир бўлади. Дунёда ядровий ҳалокат юз берган, одамлар йўқ бўлиб кетган. Бироқ сунъий интеллект томонидан бошқариладиган “ақлли уй” ўз дастурига мувофиқ ишлашда давом этади: робот нонушта тайёрлайди, кун тартибини эслатади, болалар овозида шеър ўқийди. Ташқаридан қараганда ҳаёт бордек — аммо уйда ҳеч ким йўқ. Асарда уй инсон ўрнини босувчи эмас, балки инсондан кейин ҳам “маъносиз тарзда” фаолият юритувчи механизм сифатида кўрсатилади. Технология вазифани бажаради, лекин у маъно, мақсад ва қадрият ярата олмайди. Ниҳоят, СИ туфайли уй ҳам вайрон бўлади. Бу ерда драматик нуқта шуки, инсон яратган тизим инсонсиз мавжуд бўлишга қодир эмас. Фильмнинг асосий ғояси — технология тараққиёти инсониятнинг ахлоқий масъулиятидан устун бўлмаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантиришдир. Илмий жиҳатдан қаралганда, сунъий интеллект — бу фақат алгоритмлар ва маълумотларга асосланган ҳисоблаш тизими. У онг, ҳиссиёт ва ахлоқий баҳолаш қобилиятига эга эмас. Шунинг учун технология ривожи инсон назорати ва маънавий тамойиллар билан мувозанатда бўлиши зарур. Ҳозирги даврда таҳлил қилайлик: - сунъий интеллект давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларига кириб келмоқда; - автоном қурол тизимлари ва киберхавфсизлик масалалари глобал муҳокама қилинмоқда; - рақамли технологиялар инсон қарорларига катта таъсир ўтказмоқда. Шу нуқтаи назардан, фильм фантастика эмас, балки стратегик огоҳлантириш сифатида қабул қилиниши мумкин. Агар технология инсон қадрияти ва жавобгарлик тамойилларидан ажралиб қолса, у тараққиёт эмас, хавф манбаига айланиши мумкин. Фалсафий жиҳатдан эса асар шундай савол қўяди: агар инсон йўқ бўлса, цивилизация нима учун керак? Шу боис, бу фильм бизни техника яратиш эмас, балки уни қандай мақсадда ва қандай масъулият билан қўллаётганимиз ҳақида чуқур ўйлашга чорлайди. Тафаккур қилайлик! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat