Vsebina objave
Эркаклар ва аёллар дунёни турлича кўрадилар. Эркакларда кўпроқ “туннельное зрение” ривожланган — улар асосан олдида тўғри жойлашган нарсага диққат қиладилар. Аёлларда эса периферик зрение яхшироқ ривожланган: улар ён-атрофдаги майда тафсилотларни тезроқ пайқайди. Тунги вақт йўлда ўтказилган тажрибада эркаклар дарҳол олдинда ёритилган йўлга қараган бўлса, аёллар атрофни кузатиб, эҳтимолий хавф-хатарларни баҳолаган. Ҳудди шундай фарқни ишга бўлган муносабатда ҳам кузатиш мумкин. Масалан, стратегик вазифа берилганда эркаклар кўпроқ аниқ мақсадни белгилаб, тўғридан-тўғри натижага йўналган ҳолда ҳаракат қиладилар. Улар “асосий йўл”ни танлаб, ортиқча омилларни камроқ ҳисобга олишга мойил бўладилар. Бу услуб қисқа муддатли натижа, техник масалалар ёки тез қарор талаб қиладиган шароитларда самарали бўлиши мумкин. Аёллар эса кўпроқ контекстни ҳисобга олишади: жамоадаги муносабатлар, эҳтимолий хавфлар, иккинчи даражали омиллар, қарорнинг узоқ муддатли таъсири. Тадқиқотларда аёллар мулоқотга йўналтирилган етакчилик услубини кўпроқ қўллаши, жамоавий келишув ва рискларни баҳолашга катта аҳамият бериши қайд этилган. Бу эса мураккаб, кўп омилли лойиҳаларда барқарорликни ошириши мумкин. Когнитив психология нуқтаи назаридан қаралганда: Эркаклар ўртача ҳолда вазифага йўналган диққатни устувор қиладилар. Аёллар эса атроф муҳит ва ижтимоий сигналларни интеграция қилишга мойил бўлишлари мумкин. Нейробиологик тадқиқотлар мия тармоқлари ўртасидаги функционал уланишларда айрим фарқларни кўрсатади: аёлларда икки ярим шар ўртасидаги алоқалар нисбатан зичроқ экани, эркакларда эса айрим локал тармоқлар ичидаги уланиш кучлироқ экани ҳақида маълумотлар бор. Бу фарқлар маълум даражада ахборотни қайта ишлаш услубига таъсир қилиши мумкин. Бироқ муҳим жиҳат — бу фарқлар статистик ўртача даражада кузатилади. Индивидлар ўртасидаги фарқ жинслар ўртасидаги фарқдан кўпроқ бўлиши мумкин. Таълим, тажриба, корпоратив маданият ва шахсий хусусиятлар биологик омиллардан кам таъсир қилмайди. Шунинг учун иш муҳитида “бир услуб тўғри, иккинчиси нотўғри” деган ёндашув эмас, балки турли когнитив стратегияларнинг уйғунлиги энг самарали натижани беради. Масалан, стратегик йўналишни белгилашда тор фокус фойдали бўлса, хавфларни бошқаришда кенг контекстни кўра билиш устунлик беради. Шу боис жамоа шакллантиришда аёл ва эркаклар нисбатининг мувозанатли бўлиши шунчаки формал тенглик эмас, балки стратегик устунлик манбаи бўлиши мумкин. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қарор қабул қилиш сифати ва хавфларни баҳолаш самарадорлиги кўп ҳолларда когнитив хилма-хилликка боғлиқ. Гендер баланси эса турли фикрлаш услублари, ёндашувлар ва тажрибалар уйғунлигини таъминлаш эҳтимолини оширади. Ташкилот раҳбарлари тафаккур қилишсин! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat