Vsebina objave
Ўзбекнинг буюк ўғлони Шерали Жўраевнинг “Она Туркистон” номли қўшиғи 1978 йилда куйланган. Мазкур қўшиқ шўроларни, айниқса ўрис амалдорларини шунчалик қўрқитиб юборганки, уни дарҳол тақиққа туширишган. Миллий руҳ, тарихий хотира, Марказий Осиё халқлари бирдамлиги ва озодлик ғоялари мужассам бўлган бу асарни оммага етказмаслик учун турли тўсиқлар қўйилган. Ҳатто мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам ОАВда бу қўшиқнинг янграмаслигига, унинг на муаллиф, на бошқа хонандалар томонидан ижро этилмаслигига доир турли уринишлар бўлгани ҳақида фикрлар айтилган. Натижада, бу қўшиқни деярли ҳеч ким эшитмаган. Нима учун? Нега? Қўшиқни батафсил тингласангиз, унинг мазмун-моҳияти, ундаги миллий уйғониш руҳи ва тарихий ҳақиқатга ишоралар сабаб айрим доираларни хавотирга солганини англаш мумкин. Мени яна бир савол ўйлантирар эди: нега бу миллат узоқ йиллар давомида асосан майда-чуйда маиший мавзулар — “ўлдим, ёр”, “куйдим, ёр” каби саёз, ҳиссий шеърлар ва шундай мазмундаги қўшиқлар билан чекланиб қолди? Нега кенг тарихий, ижтимоий ва миллий мавзулар чуқур ёритилмади? Маданият социологияси нуқтаи назаридан бу ҳолат тасодиф эмас, балки муайян мафкуравий муҳит таъсирида шаклланган жараён эканини англаш қийин эмас. Аён бўладики, миллатнинг маънавий майдонини тор доирада ушлаб туриш, уни юксак ғоялардан чалғитиш муайян сиёсий тизим манфаатларига хизмат қилган. Эшитинг, ўйланинг ва хулоса чиқаринг. Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat