Vsebina objave
КЕЛАЖАК ЯҚИН: “Y” АВЛОД (МИЛЛЕНИАЛЛАР) Технологиялар инсоният тарихида илгари кузатилмаган янги авлодни шакллантирди. Бу авлоднинг энг қизиқ жиҳати шундаки, улар ҳаётида фаол қўллаётган кўплаб технологияларни на мактабда, на университетда ўрганган. Аксинча, улар бу билимларни мустақил равишда, амалиёт орқали ўзлаштиришга мажбур бўлган авлоддир. Чунки рақамли технологиялар бўйича билимларни институционал тарзда бериш тизими узоқ вақт шаклланмаган, айрим жиҳатларда ҳозир ҳам етарли эмас. 1980-йиллар охири ва 1990-йилларда туғилганлар одатда “миллениаллар” ёки “Y авлод” деб аталади. Улар рақамли муҳитда ўсган, интернет, смартфон ва ижтимоий тармоқлар билан табиий равишда яшайдиган авлод ҳисобланади. Бу авлод янги корпоратив маданият ва янги иш услубининг вакилларидир. Шунинг учун ҳам уларнинг дунёқараши, ҳаёт тарзи ва меҳнатга муносабати “Х авлод” (1980 йилдан олдин туғилганлар) қарашларидан сезиларли даражада фарқ қилади. Миллениаллар учун: иш ва шахсий ҳаёт мувозанати муҳим, эркинлик ва индивидуаллик қадрланади, рақамли мулоқот табиий ҳолат ҳисобланади. Шу билан бирга, катта авлод учун тушуниш қийин бўлган баъзи ижтимоий ҳодисалар ҳам айнан шу авлод билан боғланади: онлайн ўйинларга юқори даражада берилиш, ижтимоий тармоқларда “селфи” маданияти, доимий равишда онлайн бўлиш (“one line”) каби ҳолатлар шулар жумласидан. Шунинг учун дунёдаги кўплаб ривожланган давлатларда “Y авлод”нинг ижтимоий-психологик хусусиятлари чуқур илмий тадқиқ қилинган. Натижада уларга мос таълим усуллари ишлаб чиқилган. Жумладан: Individual learning (индивидуал таълим), Gamification (ўйинлаштирилган таълим), Design Thinking, Тренинг ва коучинг технологиялари. Бу усуллар анъанавий лекция моделини тўлдириб, янги авлоднинг ўрганиш услубига мослаштирилган. Савол туғилади: биздачи? Биз таълим тизимида авлодлар ўртасидаги фарқни чуқур таҳлил қилиб, таълим стратегиясини шунга мос равишда қайта қуряпмизми? Афсуски, кўп ҳолларда муаммонинг сабаби бошқа жойдан изланмоқда. Масалан, баъзан ОТМ битирувчиларининг сифати пастлигига номутахассислик фанлари айбдор қилиб кўрсатилади. Мантиққа қаранг: яхши муҳандис, физик ёки фармацевт етишмаслигига — тарих ёки фалсафа айбдор; яхши рассом ёки актёр етишмаслигига — социология ёки эстетика тўсқинлик қилаётгандек талқин қилинади. Албатта, таълим тизимини такомиллаштириш зарур. Лекин илмий асоси шубҳали ва амалиётда синалмаган қарорлар қабул қилишда жуда эҳтиёткор бўлиш керак. Таълим — бу жамият келажагини белгилайдиган стратегик соҳадир. Шунинг учун: ҳар қандай ислоҳот чуқур таҳлил асосида амалга оширилиши, авлодлар ўртасидаги фарқлар албатта ҳисобга олиниши, қарор қабул қилган мансабдорлар натижа учун жавобгар бўлиши лозим. Биз яқин тарихда катта ресурслар сарфланган, аммо кутилган натижани бермаган ислоҳотларни ҳам кўрдик. Шу сабаб таълим соҳасидаги ҳар бир қарор илмий асосланган бўлиши жуда муҳим. Чунки таълимдаги хатоларнинг нархи — бутун бир авлод тақдири. Тафаккур қилайлик. Социолог, Сухроб Хидиров @Xidirovformat