Vsebina objave
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаймиз, аммо... Оилавий қадриятларимиз ҳақиқатан ҳам қанчалик ўзгариб кетди? Бу савол ҳар биримизни ўйлантириши керак. Бугун айрим оилаларнинг мустаҳкамлигига раҳна солаётган омиллар ҳақида холис фикр юритсак, кўп ҳолларда сабаб фақат ташқи шароитлар эмаслигини кўрамиз. Назорат қилинмаган нафс, ортиқча талаблар, нарсапарастлик ва дабдабага берилиш — оилавий муносабатларнинг асл моҳиятини секин-аста заифлаштириб бораётгандек. Аслида эса оила моддий кўрсаткичлар ёки ташқи дабдабага эмас, балки ўзаро ҳурмат, меҳр, сабр-тоқат ва масъулиятга таянади. Шу фазилатлар бор жойда оила мустаҳкам бўлади, фарзандлар эса соғлом муҳитда тарбия топади. 8 мартни баъзан фақат совға-салом ва харажат куни сифатида қабул қилиш ҳам унинг ҳақиқий маъносини соя остида қолдириб қўяди. Бу сана аёл зотига бўлган ҳурмат, эҳтиром ва миннатдорликни билдириш кунидир. Ушбу кун нафақат эркаклар, балки аёллар учун ҳам оилавий қадриятлар, ўзаро масъулият ва инсонийлик ҳақида яна бир бор тафаккур қилишга сабаб бўлса, жамиятимиз учун фойдали бўлар эди. Оила — жамиятнинг пойдевори. Уни асраш ва мустаҳкамлаш эса ҳар биримиздан онгли муносабат ва юксак маънавият талаб қилади. Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat