Vsebina objave
Эстетика ва креатив иқтисодиёт: меҳнат бозори трансформациясининг социологик таҳлили Эстетика инсоният маданий тараққиётида доимо муҳим ўрин тутган фундаментал билим соҳаси ҳисобланади. Илмий адабиётларда эстетик дид шахснинг маданий капитали сифатида талқин қилинади (П. Бурдьё назариясига кўра), яъни у инсоннинг ижтимоий мавқеи, қарор қабул қилиш қобилияти ва ҳатто иқтисодий имкониятларига бевосита таъсир кўрсатади. Шу маънода, эстетик дидга эга шахсни “бебаҳо ресурс соҳиби” сифатида баҳолаш мумкин. Тарихий жиҳатдан эстетика асосан элита қатламга хос билим сифатида қаралган бўлса, глобализация ва бозор иқтисодиёти шароитида у оммавий иқтисодий ресурсга айланди. Замонавий тадқиқотлар (айниқса креатив иқтисодиёт доирасидаги таҳлиллар) шуни кўрсатадики, дизайн, мода, реклама, маҳсулот қиймати ва бренд идентификациясида эстетик омиллар асосий рақобат устунлигига айланган. Масалан, истеъмолчи хулқ-атвори бўйича тадқиқотларда маҳсулотнинг визуал ва эмоционал жозибадорлиги унинг бозордаги муваффақиятини 60–80% ҳолларда белгилаб бериши қайд этилган. Шу нуқтаи назардан, эстетика йўналишида таълим олаётган талабаларнинг фақат назарий билимлар билан чекланиб қолиши самарасиз ҳисобланади. Инновацион иқтисодиёт шароитида инсон капиталига қўйиладиган асосий талаб — билимларни амалиётга тез ва самарали интеграция қилишдир. Дуал таълим, project-based learning ва ишлаб чиқариш билан интеграциялашган таълим моделлари бу борада энг самарали ёндашувлар сифатида эътироф этилмоқда. Талаба ўқиш давридаёқ реал секторда иштирок этса, унинг компетенцияси ва меҳнат бозоридаги қиймати сезиларли даражада ошади. Бугунги кунда мода индустрияси, саноат дизайни, сервис соҳаси ва реклама бозорида юқори эстетик компетенцияга эга мутахассисларга бўлган талаб кескин ортиб бормоқда. Бу эса ижтимоий меҳнат тақсимотида янги профессионал гуруҳ — креатив мутахассислар қатламини шакллантирмоқда. Шу билан бирга, таълим тизимида муайян институционал муаммолар сақланиб қолмоқда. Яъни, ўқув дастурлари кўп ҳолларда ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан орқада қолмоқда. Социологик нуқтаи назардан бу “таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги дисбаланс” деб аталади. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун: - ўқув дастурларини меҳнат бозори таҳлили асосида қайта шакллантириш - кредит-модул тизими доирасида индивидуал таълим траекторияларини жорий этиш - ишлаб чиқариш корхоналари билан институционал ҳамкорликни кучайтириш - амалиётга йўналтирилган фанлар улушини ошириш - каби чора-тадбирлар зарур. Хулоса қилиб айтганда, эстетика нафақат маданий, балки иқтисодий қиймат яратувчи стратегик ресурсга айланган. (Видеодаги реклама ролиги бунга амалий мисол) Уни самарали ўзлаштириш ва амалиётга жорий этиш эса нафақат алоҳида мутахассиснинг, балки бутун жамиятнинг рақобатбардошлигини белгилайди. Соҳа мутасаддилари тафаккур қилишсин! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat