Vsebina objave
Цивилизация ва инсон: ижтимоийлашувнинг баҳоси 1972 йилда Ветнам уруши вақтида бомба Хо Ван Тханьнинг қишлоғини вайрон қилди, оиласининг катта қисми ҳалок бўлди. У руҳий зарбадан кейин тирик қолган ўғлини олиб, жунглига қочди ва ташқи дунё йўқолганига ишониб, у ерда яшашни бошлади. Ота-бола 40 йил давомида тропик ўрмонда изоляцияда ҳаёт кечирди. Улар дарахтда уй қуриб, овчилик ва теримчилик билан кун кечиришди, кийим ва қуролларни табиат материалларидан тайёрлашди. Вақт ҳисси, ижтимоий институтлар (пул, давлат, технология) улар учун мавжуд эмас эди. Хо Ван Ланг жамиятдан ташқарида ўсиб, тил, тафаккур ва эҳтиёжлари минималлашган ҳолда шаклланди. Унда, одамларни шафқатсиз қиладиган хиёнат, ёлғон гапириш, очкўзлик, цинизм, нафратланиш ҳисси йўқ эди. 2013 йилда улар топилиб, жамиятга қайтарилди. Бироқ Ланг учун янги муҳитда кескин ўзгариш бўлди: у иқтисодий муносабатлар, ижтимоий нормалар ва технологияларни тушунмас, доимий стресс ҳолатида яшарди. Социологик жиҳатдан бу — тўлиқ ижтимоийлашувдан ташқарида шаклланган индивиднинг индустриал жамиятга мослаша олмаслигининг яққол мисолидир. Унинг организмида ҳам янги муҳитга чидам беролмади: стресс, нотўғри овқатланиш, озиқ-овқат, ифлосланиш ва вирусларга мослашмаган иммун тизими заифлик қилди. 2021 йилда, “қутқарилганидан” атиги саккиз йил ўтиб, жигар саратонидан вафот этди. Ердаги энг хавфли чангалзорларда 40 йил тирик қолган одам цивилизацияда саккиз йил ҳам яшай олмади. Чангалзорда у эркин эди. У оч бўлганда ов қиларди. Чарчаганда ухларди. Хавотирсиз, таққослашсиз, замонавий кутилмаларнинг оғир юкисиз яшарди. Цивилизацияда у ҳайратда, тушкунликда ва охир-оқибат касалликка чалинади. Инсон дунёни ўз эҳтиёжларига мослаштириб, табиатни “инсонийлаштирар” экан, у бир вақтнинг ўзида ўзининг биологик ва руҳий мувозанатини ҳам бузиб бормоқда. Технология ва қулайликлар ҳаётни енгиллаштирса-да, улар стресс, экологик босим ва сунъий турмуш тарзини кучайтириб, соғлиққа салбий таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, узоқ ва барқарор ҳаётнинг асоси — табиат билан уйғунликда яшаш, яъни инсоннинг ўз аслий биологик ва ижтимоий моҳиятидан узилиб кетмаслигидир. Тафаккур қилайлик! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat