TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Xidirov formati
Xidirov formati avatar

TGINSIGHT POST

Post #233

@Xidirovformat

Xidirov formati

Ogledi1,210Število ogledov
Objavljeno29. apr.29. 04. 2026, 03:49
Vsebina

Vsebina objave

Ишонч йўқ жойда тизим мураккаблашади (Социологик таҳлил) Ҳиндистоннинг Одиша штатидаги бир эркак вафот этган синглисининг ҳақиқатан оламдан ўтганини исботлаш учун унинг қабрини ковлаб, суякларини банкка олиб келибди. Гап шундаки, у синглисининг ҳисобидан 20 000 рупий ечиб олмоқчи бўлган, аммо банк ходимлари пулни фақат ҳисоб эгаси шахсан келган тақдирдагина беришларини айтган. Эркак синглиси вафот этганини неча бор тушунтирса ҳам, унинг гапларига ишонишмаган. Энди савол, нега бундай бўлди? Одатда, ижтимоий ишонч ва давлат идораларида бюрократиянинг кучайиши — бу бир-бири билан чамбарчас боғлиқ икки муҳим ижтимоий ҳодисадир. Аввало, ижтимоий ишончга тўхталсак. У — жамият аъзоларининг бир-бирига ва давлат институтларига нисбатан ишонч даражасидир. У жамиятдаги ҳамкорлик, барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ишонч пасайишининг асосий сабабларидан бири — ижтимоий адолатнинг бузилиши ҳиссининг кучайишидир. Даромадлар ўртасидаги катта фарқ, имкониятларнинг тенг тақсимланмаслиги ва айрим гуруҳларнинг устун ҳолатга эга бўлиши одамларда норозилик уйғотади. Шу билан бирга, давлат идораларида шаффофлик етишмаслиги, коррупция ҳолатлари ва қарорларнинг тушунарсиз қабул қилиниши ҳам ишончни емирувчи омиллардандир. Иккинчи томондан, бюрократия — бу давлат бошқарувида қоидалар, тартиблар ва расмийлаштириш жараёнларининг кўпайишидир. Унинг маълум даражада бўлиши тартиб-интизомни таъминлаш учун зарур. Бироқ ишонч паст бўлган жамиятларда бюрократия ортиқча даражада кучайиб кетади. Давлат фуқароларга ишонмаган сари, ҳар бир ҳаракатни ҳужжатлар ва текширувлар орқали назорат қилишга интилади. Амалдорлар эса шахсий жавобгарликдан қочиш мақсадида қарорларни қоидаларга юклаган ҳолда иш юритади. Натижада оддий масалалар ҳам мураккаб ва секин ҳал этиладиган жараёнга айланади. Бу икки ҳодиса ўртасида айланма боғлиқлик мавжуд. Ижтимоий ишонч пасайган сари, давлат тизими кўпроқ назорат ва қоидалар жорий этади, бу эса бюрократиянинг ортишига олиб келади. Бюрократия кучайган сари эса одамлар давлат хизматларини самарасиз ва адолатсиз деб қабул қила бошлайди, бу эса ишончнинг янада пасайишига сабаб бўлади. Хулоса қилиб айтганда, бюрократияни камайтириш учун фақат қоидаларни қисқартиришнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳим вазифа — жамиятда ишончни тиклашдир. Бу эса адолатли бошқарув, очиқлик ва барча учун тенг қоидаларни таъминлаш орқали амалга оширилади. Ишонч бор жойда тизим соддалашади, ишонч йўқ жойда эса у мураккаблашиб боради. Кузатишларимиз юртимизда инсонларнинг бир-бирига, жамиятнинг эса давлат идораларига бўлган ишончи кун сайин тушиб бораётгандек тасаввур уйғотмоқда. Ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаса Ҳиндистонда бўлган юқоридаги кулгили ҳам фожели воқеа бизда ҳам содир бўлиши эҳтимоли юқори. Тафаккур қилайлик! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat